АНДИЖОННИНГ ПРЕЗИДЕНТНИ ҲАМ АЛДАШГА УСТА РАҲБАРЛАРИ… (ёхуд муштипарларнинг дардли ноласи)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи олдидан 16 май куни 35 ёшли Хуршида Тиллаевани янги уйнинг бахтли бекаси сифатида телевизор орқали кўрсатишганди.
— Мен тикувчилик цехида ишлайман, — дейди икки фарзанднинг онаси Хуршида Тиллаева. — Ҳамма қатори янги уй олиш учун керакли жойга ариза ташлагандим. Президентимиз Андижонга келишидан бир кун олдин Андижон шаҳар ҳокимияти қошидаги аёллар қўмитасидан вакиллар келиб: «Сиз янги уйга кўчиб ўтасиз», дейишди. Маълум бўлишича, болалар боғчаси ходималари мен кўчиб ўтишим лозим бўлган уйни безатишга ҳам улгуришибди. «Ўзбекистон-24» телеканали мухбирлари ўша уйда мени суратга ола бошлашди.
«Отам ўлган деб ўкинардим, — дедим уларга. — Президентимиз менга отам ўрнида ота бўлди. Менга янги уй берди» деб йиғладим. Бу лавҳани бутун Андижон кўрди ва мени табриклашди. Афсуски, президентимиз шаҳримизга келиб кетгач, менга айтишдики, мен кўчиб ўтган уйнинг аслида эгаси бўлак эмиш. Мен зудлик билан уйни бўшатишим лозим экан ва менга бошқа уй беришаркан. Шундагина орага алдов, кўзбўямачилик аралашганини англадим. Андижон раҳбарлари ҳатто президентимизни-да алдашга усталигини кўриб даҳшатдан қотиб қолдим…
Хуршида Тиллаева айтдики, худди ўзи каби яна 8 нафар аёл ҳам президент ташрифи олдидан янги уйларга кўчиб ўтган экан. Аммо Шавкат Миромонович жўнаб кетишлари билан уларнинг олти нафари янги уйлардан ҳайдаб чиқарилибди.
30 ёшли Муяссар Раҳимова ҳам Хуршиданинг сўзларини тасдиқлади. У ҳам ўша алданган саккиз аёлнинг бири экан. Уни ҳам президент ташрифи олдидан янги уйга кўчириб ўтиб, кейин ҳайдаб солишибди.
— Мен кутилмаган бахтдан сармаст бўлиб йиғлагандим, — дейди Муяссар. — Президентимизни кеча-ю кундуз дуолар қилдим. Аслида эса… Маҳаллий ҳокимият вакиллари кўчларимни кейинроқ олиб келишимни тайинлашувди. Президентимиз ташрифи давомида менинг буюмларим дизайнни бузишини айтиб эдилар. Кейин эса… Ўз ҳисобимдан 300 000 сўмга янги кўйлак тиктиришга ҳам ундашди. Мен президентимиз кириб келган маҳал ўша кўйлакда бўлишим лозим эди. Болаларимга ҳам янги кийимлар кийдирдим. Кейин эса итдек ҳайдаб солишди. Ҳокимият вакиллари бизларни ўйинчоқдек ўйнашга, ҳатто давлатимиз раҳбарини-да алдай олишга устаси фаранглигини билмаган эканман…