Смартфонларга оид махфий маълумотларни сиздириши билан танилган латвиялик дизайнер Бенжамин Гескин "Twitter"даги саҳифасида "Xiaomi"нинг тақдимоти келаси йили ўтказиладиган кейинги флагманининг концептуал суратлари ва тахминий тавсифини эълон қилди. Аввалроқ Xiaomi Mi 9 смартфони 2019 йилнинг биринчи ярмида чиқарилиши, у Qualcomm 8150 (855) процессори асосида ишлаши ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қайд этиш жоиз, 7 нанометрли Snapdragon 8150 процессори Qualcomm компанияси томонидан ҳали расман тақдим этилгани йўқ, лекин 2019 йилги аксарият флагманлар учун асосий процессор бўлиши аниқ. Xiaomi Mi 9 эса Snapdragon 8150 базасида ишлайдиган илк смартфонга айланиши мумкин. Гескин эълон қилган маълумотларга кўра, қурилма 6,4 дюймли AMOLED-дисплей, 48 мегапикселли асосий учкамера, экранга ўрнатилган бармоқ изи сканерига эа бўлади. Гескиннинг тасдиқлашича, Mi 9 смартфони Snapdragon 8150 процессорида, 6, 8 ёки 10 гигабайт оператив хотира билан ишлайди. Аккумляторининг сиғими 3700 мАс бўлиши, симсиз қувват олиш ва Quick Charge 5.0 тезкор қувватланиш тизимини қўллаб-қувватлаши кутилмоқда. Бундан ташқари, смартфон бешинчи авлод 5G алоқа тармоқларида ҳам ишлай оладиган қилиб чиқарилиши мумкин.