Термиз, Тошкент, Самарқанд ва Фарғонадан Тожикистонга автобуслар қатнайди
“Халқ сўзи” газетасининг Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги раҳбари ўринбосари Шоолим Шоваҳобовга таяниб хабар беришича, биринчи навбатда Термиз - Душанбе, Тошкент - Хўжанд, Фарғона - Хўжанд, Самарқанд – Панжикент автобус қатновлари йўлга қўйилади.
Бироқ хабарда қатновлар қачондан бошлаб амал қилишининг аниқ санаси айтилмаган.
Икки давлат ўртасида автобуслар ва автомобиль қатновлари тўғрисидаги битим президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга 9-10 март кунлари амалга оширган давлат ташрифи доирасида имзоланган эди.
Сўнгги пайтларда жорий йил охиригача Ўзбекистон Қирғизистон билан ҳам автобус қатновларини тиклаши ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.
Қозоғистон билан автобус қатновлари эса 2018 йилнинг январь ойидан бошлаб йўлга қўйилган эди.