Ижтимоий тармоқлар акс-садоси: Асосий айбдор яна панада
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда мактаб ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган билимлар синови (фан олимпиадалари) мавзуси ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кимдир фарзанди аълочи бўлсада, синовда яхши ўқимайдиган ўқувчи ўтганлигидан нолиса, бошқалар ўқитувчиларни нохолисликда айбламоқда. Маҳаллий сайтларимизнинг бирида "Фан олимпиадасининг нархи қанча?" сарлавҳаси остида танқидий-таҳлилий мақола ҳам эълон қилинди.
Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган юртдошларимиз ва ўша мақола муаллифининг айни мавзу юзасидан билдирган фикр-мулоҳазаларини таҳлил қилар эканмиз, муаммога бирёқлама ёндошилмоқда, деган фикрга келдик.
Савол: мактаб ўқувчилари ўртасидаги билимлар синовида учраётган (сиз гувоҳ бўлган) "олди-берди"ларнинг асосий ҳомийсини нега кўздан қочираяпсиз?
Ахир ўқувчи порани ўз ёнидан бермайди-ку. Атаганини қўш-қўллаб "керакли қўл"га топшираётган ота-оналарнинг ўзи. Ҳа, талаб бўлмаса, таклиф ҳам бўлмайди!
Бошимдан ўтган воқеа.
Ўқувчилигимда инглиз тили фани олимпиадасидан туман босқичига чиққанман. Синов шартлари учта эди: ёзма, тест ва оғзаки. Уларда фан бўйича билимни кўрсатдим. Якуний натижалар солиштирилганда мен ва бир ўқувчининг йиққан бали тенг бўлиб қолди. Шунда ҳалиги ўқувчинининг онасини кўрсангиз. Синов комиссиясининг ҳали у аъзосини, ҳали бу аъзосини тортқилайди... менинг ота-онам эса умуман келишмаган эди. Уларга менинг ғалабам эмас, фан олимпиаласида қатнашиб, билимни чархлашим муҳим эди. Хуллас, қайта синовда ўша қиз мени 0,5 балл билан "ортда қолдирди" ва билимлар синовининг вилоят босқичига йўлланма олди. Мен эса бунга умуман хафа бўлганим йўқ. Қайтанга хулоса чиқардим: агар мен келгусида ҳам адолатсизлик қурбони бўлмаслик учун инглиз тилини шундай ўзлаштиришим керакки, ҳеч кимда билимим ҳақида шубҳага ўрин қолмасин!
Танлаган йўлим тўғри экан. Келгуси йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси бўлдим.
Бу мисолни нега келтирдим? Ўқитувчиларни йўлдан ураётган аввало ота-оналар деб яна бир бор таъкидламоқчиман. Бундайлар "типратикон боласини юмшоғим, қўнғиз оппоғим дер"лар тоифасига киради. Улар ўз фарзандларига холис баҳо бера олмайди. Эгри йўллар билан бўлса ҳам боласини маррага олиб чиқади...
Аслида ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган билимлар синовининг мақсади нима?
Бунга кўпчилигимиз ўғил-қизларни ўқувчилигидан қизиқиши ва иқтидорига қараб илм-фан соҳаларига йўналтиришдир, деб жавоб берамиз!
Амалда мақсаднинг йўлдан адашган пайтлари ҳам бўлмоқда, дейсизми?
Шунинг учун ҳам Халқ таълими вазирлигига бир нечта таклифлар бор. Билимлар синовини ташкил этишда, жараён шаффофлигини таъминлашда бу таклифлар асқатиши мумкин.
Бу қандай таклифлар экан, деб қизиқаяпсизми? Унда сайтимизни кузатинг. Тез орада улар билан танишасиз.