Европа Иттифоқи Украина шарқидаги вазиятдан ташвиш билдирди
Могерини россияпараст айримачилар назоратидаги Донецк ва Луганск вилоятларида ўқ отишни тўхтатиш шартномаси бир неча маротаба бузилганига эътибор қаратди.
Украина президенти Петро Порошенко ҳам 20 декабрда Киевда қилган чиқишида вазият мураккаблашаётганини айтган эди:
-Россия Федерацияси Украина шарқида бизга нисбатан агрессиясини кучайтириши мумкин, деган ташвиш бор. Айни пайтда, биз Украина қуролининг қудратига ишонамиз ва сўнгги уч йил, бир ярим йилдаги воқеалар буни исботлаб турибди. Президент ва бош қўмондон сифатида шарқдаги позицияларимизни мустаҳкамлашга кўрсатма бердим. Биз агрессор томонидан амалга ошириладиган ҳар қандай сценарийга жавоб қайтаришга тайёрмиз, -деди Порошенко.
19 декабрда АҚШнинг Украина бўйича махсус вакили Курт Фолькер 2017 йил Украина учун уруш бошланганидан бери энг қонли йил бўлди, деб билдирган эди.
Украина шарқида россияпараст айримачилар билан 2014 йилда бошланган урушда то шу кунгача 10 300 одам ҳалок бўлди.