Самвел Бабаян “Андижон”ни расман тарк этди: келишув асосида хайрлашув
Кеча Андижон жамоаси Суперлиганинг 7-тури доирасида ўз майдонида — Бобур аренада ОКМКга қарши кечган баҳсда 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраганидан сўнг, жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян истеъфога чиқишини маълум қилган эди.
Орадан кўп ўтмай, клуб матбуот хизмати мазкур масала юзасидан расмий баёнот билан чиқди. Унда таъкидланишича, мутахассис билан тузилган икки йиллик шартнома ҳар икки томоннинг ўзаро келишуви асосида муддатидан аввал бекор қилинган.
Эътиборли жиҳати шундаки, Самвел Бабаян шартнома муддати якунланмасидан тўхтатилгани учун унга тўланиши лозим бўлган компенсация маблағларидан воз кечган. У бу қарори орқали клубни молиявий жиҳатдан қийин ҳолатга солиб қўймасликни мақсад қилганини ҳам алоҳида таъкидлаган.
Клуб раҳбарияти ўз навбатида мураббийга миннатдорлик билдириб, унинг жамоадаги фаолиятини юқори баҳолади. Бабаян “Андижон”ни анча мураккаб вазиятда қабул қилиб олгани, жамоани элита дивизионда сақлаб қолишда муҳим ҳисса қўшгани қайд этилди.
Шунингдек, ҳар икки томон ўртасидаги хайрлашув ўзаро ҳурмат ва профессионал ёндашув асосида ўтгани таъкидланди. Мураббий клубга келгуси фаолиятида омад тилаб, раҳбарият билан дўстона муносабатлар сақланиб қолишини билдирган.
Ўз навбатида, “Андижон” клуби ҳам Самвел Бабаянга кейинги фаолиятида муваффақиятлар тилаб қолди.