Арбелоа "Бавария"га қарши муҳим ўйин олдидан ротацияга қўл урди
“Реал Мадрид” бош мураббийи Альваро Арбелоа Чемпионлар лигаси чорак финали жавоб учрашуви олдидан "Бавария"га қарши баҳсга тайёргарлик доирасида жамоанинг айрим футболчиларига дам беришга қарор қилди.
Шу қарорга кўра, Ла Лига доирасида "Реал Мадрид"нинг "Жирона"га қарши ўйини учун эълон қилинган қайдномада уч нафар асосий ҳимоячи киритилмади. Улар қаторида Трент Александер-Арнольд, Альваро Каррерас ва Антонио Рюдигер бор.
Клуб бу қарорни жисмоний юклама ва муҳим Европа ўйини олдидан асосий таркибни асраш стратегияси сифатида баҳоламоқда. Мутахассислар фикрича, бу ротация Мюнхендаги ҳал қилувчи жавоб баҳсига максимал тайёргарлик кўришга хизмат қилади.
"Реал Мадрид"нинг "Бавария"га қарши Чемпионлар лигаси жавоб ўйини 15 апрелдан 16 апрелга ўтар кечаси Мюнхенда бўлиб ўтади. Илк учрашувда мадридликлар “Сантьяго Бернабеу”да 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган эди.
Ҳозир жамоа олдида ягона мақсад — меҳмонда вазиятни ўзгартириш ва ярим финалга йўл олиш.