Нагельсманн 18 ёшли Карлнинг ЖЧ-2026 имконини баҳолади
Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсманн “Бавария”нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Леннарт Карл ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
18 ёшли футболчи ҳали Германиянинг асосий терма жамоасида майдонга тушмаган, бироқ клубдаги самарали ўйини фонида номзодлар қаторida тилга олинмоқда.
Нагельсманн Карлнинг сўнгги ўйинларидаги ёрқин даврини алоҳида қайд этди. Мураббийга кўра, ҳозир футболчида айрим қийинчиликлар бор ва бу қисман Мусиаланинг сафга қайтгани билан ҳам боғлиқ. Шунга қарамай, у Карлни жуда қизиқарли ижрочи деб атади: у рақибни яккама-якка вазиятларда бемалол алдаб ўтади, қанотдан ичкарига кириб чап оёғи билан зарба беришни яхши кўради ва уни назорат қилиш осон эмас. Бироқ мутахассис Карл фақат ЖЧ-2026га бориш учун “Бавария” асосий таркибида доимий ўйнаб туришини кутмаслигини таъкидлади. Нагельсманннинг айтишича, ҳозир унга ўз ритмини топиш, ўзига ишончни тиклаш ва ёшлар энергияси ҳамда жасоратини йўқотмаслик муҳим, акс ҳолда мураббий барқарор ўйин кўрсатадиган тажрибали футболчини чақириши мумкин.
Жорий мавсумда Леннарт Карл 30 учрашувда 7 та гол урди ва 4 та голли пас берди.