Лукас Пакета Винисиус атрофидаги можаро ҳақида гапирди
“Фламенго”нинг марказий ярим ҳимоячиси Лукас Пакета Мадриднинг “Реал” клуби вингери Винисиус Жуниорни очиқчасига қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Сўнгги кунларда матбуотда бразилиялик футболчи иштирокидаги навбатдаги ирқчилик можароси кенг муҳокама қилинмоқда: Чемпионлар Лигаси доирасида “Бенфика”га қарши ўйинда Винисиус рақиб томондан ҳақорат бўлганини айтиб, ҳакамга шикоят қилган.
Пакетанинг таъкидлашича, Винисиусни яқиндан биладиганлар унинг меҳрибон қалб эгаси эканини яхши тушунади. “Одамлар унинг зиммасига у кўтариши шарт бўлмаган юкни қўймоқда. У жабрланувчи. Бу ҳолат ҳаддидан ошиб кетди”, — дея Пакета сўзларини ESPN Brazil келтирди.
Жорий мавсумда Винисиус барча мусобақаларда 36 та учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол ва 11 та голли узатма муаллифи бўлди.