Ҳусанов "Манчестер Сити"да ой совринини қўлга киритишга жуда яқин...
«Манчестер Сити» расмий сайти январ ойи якунларига кўра жамоадаги энг яхши футболчи номига даъвогар бўлган уч нафар номзодни эълон қилди. Рўйхатда ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов, яримҳимоячи Бернарду Силва ҳамда дарвозабон Жанлуижи Доннарумма бор.
Қизиғи, бу номлар орасида ўзбекистонлик Ҳусановнинг пайдо бўлиши мухлислар учун алоҳида янгилик бўлди. Чунки у сўнгги ҳафталарда жамоа таркибида “қотиб қолган” ўйинчилардан бирига айланди: 21 ёшли ҳимоячи кетма-кет 8 та учрашувдан бери “шаҳарликлар” сафида ўзгаришсиз майдонга тушяпти.
Январ ойи давомида «Сити» 9 та баҳс ўтказган бўлса, Ҳусанов шуларнинг 8 тасида иштирок этди. Бу рақамлар ўз-ўзидан кўп нарсани айтяпти: бош мураббий ишоняпти, жамоа унга суянаяпти, демак, у ўз имкониятини тўғри ишлатяпти.
Энди навбат мухлисларга: клуб овоз беришни йўлга қўйган ва махсус ҳавола орқали сиз ҳам Абдуқодир Ҳусановга овоз бериб, унинг ой лауреати бўлиш эҳтимолини янада оширишингиз мумкин. Қисқаси, бу ерда “битта клик — битта қўллаб-қувватлаш”.
Ҳусановнинг бундай рўйхатга кириши нафақат унинг шахсий ютуғи, балки ўзбек футболининг катта саҳнада кўриниш бериши учун ҳам яхши сигнал. Шундай давом этса, кейинги ойларда бундай номинациялар биз учун оддий янгиликка айланиб қолиши ҳам мумкин.
Ушбу линк орқали ўзбекистонлик футболчига овоз беришингиз мумкин.