«Фенербахче» Канте трансферини январ охиригача якунламоқчи
Туркиянинг «Фенербахче» клуби «Ал-Иттиҳод» ярим ҳимоячиси Н’Голо Кантини ўз сафига қўшиб олиш борасидаги уринишларини тўхтатгани йўқ. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Журналист Флориан Плеттенберг берган маълумотга кўра, футболчининг ўзи ҳам Истанбул клубига ўтишга ижобий қарамоқда. Француз футболчига Доменико Тедеско таклиф қилаётган лойиҳа маъқул, томонлар ўртасида оғзаки келишув ҳам бор. Бироқ музокаралардаги асосий тўсиқ — «Ал-Иттиҳод» Кантини қўйиб юборишни истамаяпти.
Канте 2023 йилда «Челси»дан эркин агент сифатида Саудия клубига келиб қўшилганди. Унинг амалдаги шартномаси 2026 йил 30 июнгача мўлжалланган. Жорий мавсумда ярим ҳимоячи барча мусобақаларда 25 учрашувда майдонга тушиб, 2 та гол урди ва 1 та голли пас берди.