(Этюд) Шу кунлардаги короновирус пандемияси билан боғлиқ муаммолар бутун бошли инсониятни ўйлантириб қўйди. Барча оммавий ахборот воситаларининг кундалик мавзуси у билан боғлиқ бўлиб қолди. Турли шов-шувлар, барчани сокин ва осойишта ҳаётнинг қадрига етишга ундаяпти. Бутун инсоният давосиз дардга даво топилиб, эмин-эркин яшашга интиқ. Аммо, чорасиз дард давоси топилмагунча барча ҳушёр бўлишга, озодалик, карантин қоидаларига риоя этишга мажбур. Дунёнинг турли бурчакларидаги бахтсиз ҳодисалар,турли талотўплар, рўй бераётган ҳодисалар замондошларимизни онгини гангитиб қўйгандай гўё.Шу боис телефонингиз нохос жиринглаб қолса, cуҳбатдошингиздан яхши хабар кутасиз, қувончли воқеа эшитсангиз зафар билан қутлайсиз. Қалбингиз эзгуликка интиқлигини сезасиз, қутлуғ рамазон кунларида бири-бирига тансиҳатлик,омонлик ва ишларингизда эзгу ривож тилайсиз. Турли ахборотлару шов-шувлардан безиб, ҳаётни кузатаман. Ҳаёт ўз оқимида давом этмоқда. Насиб этса, дард чекиниб карантин тадбирлари ҳам тарихга айланади. Одамлар режалаштирган ишларини амлга оширишга ошиқади. Биров тўй илинжида, биров олисдаги ота-онаси, қариндоши дийдорига ошиқади. Дунёда ўзбекчалик, эртанги кун ташвишида яшайдиган халқ бўлмаса керак. Отаси боласининг ташвишини ўйласа, боласи ҳам боласининг ташвишида яшайверади. Атрофи тоғлар билан ўралган жажжи қишлоқ. Бу ерларга коронавирус балоси келмаган. Аммо, одамлар бутун мамлакатдаги карантин тадбирларидан хабардор, огоҳ. Қариялар кечаю-кундуз дарднинг чекиниши, юртга тинчлик тилаб дуога қўл очмоқдалар.Табиат қонунлари ўзича, давом этади. Баҳор ўз ўрнини аста секин ёзга бўшатиб бера бошлайди. Яқинда туғилган қўзичоқ ва улоқчалар ҳам кун сайин каттаришиб, ўйноқлай бошлаган. Улар энди каттакон жониворга айланишиб, эгасига бўйсунгиси келмайди. Болалар дунёси эса гўзал. Улар ҳамон эртак қаҳрамонларини кўз ўнгида кўришини-ю, эзгулик ёвузлик устидан албатта ғалаба қозонишига ишонишади. Ҳаёт бир маромда давом этаяпти. Баланд тоғлар этагидаги жажжи қишлоқ одамлари ҳаётини кузатаман. Тириклик қўшиғи бир зум ҳам тўхтамайди. Барча инсон ўз оиласи, эртанги куни, ташвиши билан овора, уларга юртнинг тинчлиги-ю, тансиҳатликларини, Оллоҳ аямаса бўлгани.Шунисига шукр дея, ўз эзгу юмушлари билан яшайверади. Кичкина Моҳинисо эндиги икки ёшдан ўтди.У катта уйнинг эркатой қизи. Бу йил унинг улоқчалари кўпайган. Гарчанд санашни билмасада, улрнинг барчасини танийди. Яқинда эса бузоқчалари сони ҳам кўпайди. Улар кичкина Моҳинисонинг овунчоқ дўстлари. Уларни кузаата туриб тилсиз жониворларнингда, одамзодга меҳрибонлигини пайқайсиз. Нақадар ажойиб ва ғааройиб. Улар дунёси гўзал. Улар ҳаммани ташвишга солиб ётган пандемия-ю, бошқа дардларни тушунмайди ҳам. Барчаси эркатой. Мактабларда вақтинчалик машғулотлар бўлмагани боис, уйда ўтирган болалар ўзларига маъқул, ўйинлари-ю, ёққан китобларини ўқиш билан овора. Улғайиб қолган Отабек жажжи сингилларини эртаклар, ва шеърлар ўқиб хушнуд қилмоқда. Дилдора, Афсоналарнинг ёнига гарчанд китоб ўқишни билмасада, жажжи кичкина Рухшона ҳам дафтар кўтариб ўқишга чоғланган. Келажакда у мактабга боришга тайёрланмоқда. Рўзғор юмушларидан бир зум бўшаган Собит машинасини ювиш ва артиш билан овора. У пандемиянинг тезроқ тугашини, келгусида тиббиёт коллежидаги ўқишларини давом эттириш ташвишида. Оиланинг каттаси Алибекка эса, яқинда келин унаштирилган. У уй қуриш ва тўйга тайёргарлик ташвишида. Кун сайин қад ростлаётган иморат эса, янги келин-куёвнинг бўлажак ошёнасига айланади. Хонадон келин тўйига тараддуд кўраяпти. Узоқдан кўриниб турган тоғлар эса ҳаёт абадийлигига ишорадай. Неча асрлардаан буён мағрур ва баланд турган бу тоғлар ҳаёт қўшиғи бир зум тўхтамаслиги, ҳар қандай қийинчиликка ҳам бардош беришга қодирдек кўринади гўё. Кўриб турганингиздек, ўзбек халқи сира ҳам эзгуликдан четда эмас. У яратиш, яшаш завқига интилади.Эзгуликнинг эса сира ҳам чети йўқ. Ҳаётни севинг, дунё эса мангудир. Ўлжабой ҚАРШИЕВ