Санкцияларга қарамасдан Ғарб ширкатлари Қримдаги йирик қурилиш лойиҳаларида қатнашмоқда
Австриянинг “Coop Himmelb(l)au” меъморлик ширкати лойиҳаси асосида қурилаётган опера биноси 2023 йилда ишга тушиши режаланган. Улкан опера театри ва унга ёндош иморатлар мажмуаси Россия 2014 йилда Украинага қарашли яриморолни эгаллаб, мамлакат шарқида бўлгинчиларни қўллай бошлагач жорий қилинган санкцияларга нисбатан беписандлик рамзига айланди.
Кремлнинг Ғарб давлатлари ширкатлари тажрибаси ва технологияси ёрдамида якунланаётган энг кўзга кўринган лойиҳалари орасида яриморолни Россиянинг Ростов вилояти билан боғлаб турувчи Қрим кўприги ҳам бор. Яна бир мисол, Германиянинг “Siemens” ширкати ишлаб чиқарган турбиналарнинг Қримга олиб борилганидир.
Кўприк қурилишида Нидерландиянинг етти ширкати иштирок этгани ошкор бўлиши ортидан 2018 йилда мамлакат прокуратураси тергов бошлади. Лекин тергов натижаси бугунги кунга қадар номаълум бўлиб қолмоқда.
Айни пайтда “Siemens” ширкати 2015 ва 2016 йилларда Россияга сотилган бир неча турбина Россиянинг “Технопромэкспорт” фирмаси орқали Қримга етказилгани “афсусланарли” ва “индивидуал” хато эканини билдирган.
Кремль Ғарб санкцияларини осон четлаб ўтаётганига энг ёрқин мисол юқорида тилга олинган ультразамонавий опера театридир. Пойдевори аллақачон қазилган бинонинг меъморий макетлари унинг улкан ҳажмидан далолат беради. Опера мажмуаси санъат музейи, ўқув маркази, меҳмонхона ва виллаларни ўз ичига олади.
Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлар Россияга қарши санкциялар босимини кучайтириб келар экан, ушбу мамлакатда ишлаётган таниқли компаниялар Кремлнинг йирик лойиҳаларида иштирок этаётгани ҳуқуқий ва ахлоқий мунозараларга сабаб бўлмоқда.
“Coop Himmelb(l)au” ширкати ва унинг дизайн бўйича директори Вольф Прикс Германия ва Австрия матбуотига берган интервьюларида маданий лойиҳалар санкциялардан мустасно эканини айтиб келади.
Аммо таҳлилчиларнинг айтишича, Россия санкцияларни четлаб ўтаётган бўлса-да, санкциялар ярим оролда ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Европа Иттифоқи Қрим маҳсулотларининг аксариятини импорт қилишни тақиқлади, АҚШ эса Америка маҳсулотларини яриморолга экспорт қилишни тақиқлади. Вашингтон ҳам, Брюссель ҳам тобора кўпроқ Россия амалдорларига қарши санкция жорий қилмоқда.
Европа Иттифоқидан отланган круиз кемалари Қримда тўхтай олмайди. Қолаверса, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари ва ташкилотларига Қрим ва Севастополда кўчмас мулкка сармоя ётқизиш ёки мулк сотиб олиш тақиқланади.
Санкциялар туфайли қримликлар “Zoom”, “Tinder” ва “Booking.com” каби кўплаб машҳур халқаро хизматлардан фойдалана олмайди. Шунингдек, яриморолда “Visa” ва “Mastercard” каби молиявий хизматлар ҳамда Россиянинг “Яндех Такси” компаниялари хизматлари ишламайди. Россиянинг Интернет ва уяли алоқа провайдерлари ҳам иккиламчи санкцияларга дучор бўлиш хавфи туфайли Қримда ишлашдан ўзини тиймоқда.
2021 йилда Россия ҳукумати ишғол этилган Қрим учун мамлакат федерал бюджетидан 45 миллиард рубль (610 миллион доллар) сарф қилиши кутилмоқда. Хабарларга кўра, айни дамда Қримда 1700 га яқин лойиҳа амалга оширилмоқда ёки режаланган.