Германия канцлери Ангела Меркель касалхонада ётган Алексей Навальний ҳолидан хабар олди
Германия канцлери Ангела Меркель рус мухолифатчиси Алексей Навальний даволанаётган касалхонага бориб, унинг ҳолидан хабар олди.
44 ёшли Навальний 28 сентябрь куни ўз Твиттерида “Бу хусусий ташриф ва оиламиз билан суҳбатлашув бўлди”, деб ёзди. У Меркелга ташриф учун миннатдорчилик билдирди. Навальний 32 кун Берлиндаги “Шарите” касалхонасида даволанди.
Меркелнинг расмий вакили Штеффен Зайберт ҳам 28 сентябрда матбуот анжуманида: “Бу хусусий ташриф бўлди”, - деб билдирди ва ташриф тафсилотларини айтмади.
Меркелнинг Навальнийни бориб кўргани жамоатчиликка немис журнали Der Spiegel 27 сентябрь куни берган хабар ортидан ошкор бўлди. Журнал “Меркель Навалний билан касалхонада махфий равишда учрашди”,-деб ёзган эди.
Мухолифат лидери Алексей Навальний 20 август куни Томскдан Москвага учаётганида комага тушиб, Омск касалхонасига ётқизилган. 22 августда эса Германия ҳукумати уни Берлиндаги "Шарите" касалхонасига олиб келган эди.
Европалик мутахассислар Навальний Новичок турига кирувчи кимёвий модда билан заҳарланганини аниқлаганлар. Бироқ Россия бу маълумотларни рад этмоқда.