Москва суди Meta ширкатини экстремистик деб топди ва Facebook тармоғини тақиқлади
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) вакилининг судда иддао қилишича, “Meta фаолияти Россия ва унинг Қуролли кучларига қарши қаратилган. Бу ерда гап контент модерацияси бўйича ширкат томонидан киритилган янги тартиб-қоидалар хусусида кетмоқда. Янги қоидаларга мувофиқ, украиналик фойдаланувчиларга россиялик ҳарбийларга қарши нафрат тилини қўллаш имконияти берилган. Meta бунинг истисновий қоида экани ва у россияликларнинг барчасига дахлдор эмаслигини билдирган.
Аввалроқ прокуратура судда Meta ширкатини Россияда экстремистик ташкилот деб топишга оид талабини тасдиқлаган эди.
Россияда Facebook шу йил 4 мартидан тўсиб қўйилган, ижтимоий тармоқ Россия давлат ва кремлпараст оммавий ахборот воситаларини цензура қилаётганликда айбланган. 14 мартдан бошлаб эса Россиянинг барча ҳудудларида Instagram тармоғи блокировка қилина бошлаган.