Мариуполда шиддатли жанглар давом этмоқда, Байден Россияни кимёвий қуроллар қўлламаслик ҳақида огоҳлантирди
Россиянинг Украинага қарши урушига тўртинчи ҳафтадирки, асосий порт шаҳри Мариупол энг мунозарали жанг майдони бўлиб қолмоқда. Украиналик ҳарбийлар 22 март куни шиддатли ҳужум олдини олиш учун курашмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг Мариуполни таслим қилиш ҳақидаги ультиматумини рад этиб, Украина ҳеч қачон стратегик порт ва бошқа шаҳарлардан, жумладан, Харков ва Киевдан воз кечмаслигини айтди.
"Украина Россия ультиматумларини бажара олмайди. Бунинг учун аввал бизни йўқ қилишлари керак, кейин уларнинг ультиматуми бажарилади", деди у 21 март куни кечқурун.
Зеленский руслар Украинадан йирик шаҳарларни "топшириш"ни талаб қилаётганини, лекин на Украина халқи ва на унинг ўзи президент сифатида буни қила олмаслигини қўшимча қилди.
Томонлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув шартларини ишлаб чиқиш учун видеоалоқа шаклида музокаралар олиб бормоқда. Зеленский урушни тўхтатиш учун Россия президенти Владимир Путин билан “исталган форматда” учрашиш зарурати ҳақида гапирмоқда.
“Ушбу учрашувсиз улар урушни тўхтатиш учун нимага тайёр эканликларини тўлиқ англаб бўлмайди, деб ўйлайман”, деди Зеленский.
Шунингдек, у руслар билан музокараларда эришилган ҳар қандай муроса Украина халқи референдумига қўйилишини таъкидлади.
Зеленский 22 март куни Италия парламентига видеомурожаат билан чиқиши режалаштирилган. Украина етакчиси бир қанча мамлакатлар, жумладан, АҚШ, Канада, Германия ва Исроилдан жанговар ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Сўнгги икки ҳафта давомида Россия Азов денгизидаги муҳим порт шаҳар Мариуполни қамал қилди. Агар шаҳар устидан назорат ўрнатилса, унда Москва 2014 йилда қўлга киритган Қрим билан Украина шарқидаги Кремль қўллаб-қувватлаётган айирмачилар назоратидаги ҳудуд қуруқлик орқали боғланади.
Уруш бошланишидан олдин 400 минг аҳолига эга бўлган Мариупол шаҳри сўнгги икки ҳафта давомида сув, озиқ-овқат ва ёқилғи каби асосий манбалардан маҳрум бўлган.
Расмийларга кўра, Мариуполда камида 2300 киши ҳалок бўлган, қурбонлардан баъзилари оммавий қабрларга кўмилган.
Россия сўнгги кунларда ҳужумларни кучайтирди. Касалхоналар, квартиралар ва теaтрлар портлашлар натижасида вайрон бўлди.
21 март куни АҚШ Россия кучларини Украинага бостириб киришда ва уруш жиноятларида айблади. Байден эса АҚШнинг бир гуруҳ ишбилармонларига Россиянинг ҳаракатлари кутилганидан кўра кўпроқ қаршиликка учраганини таъкидлади.
"Россия боши берк кўчага кириб қолди", деди Байден ва Москва агарда кимёвий қурол ишлатадиган бўлса, "оғир" оқибатларга дуч келишини ҳам қўшимча қилди.
Пойтахтга ҳаво ҳужумлари давом этиши кутилаётган бир пайтда Киев мэри Виталий Кличко 35 соатлик янги комендантлик соати жорий қилди ва 21 март соат 20:00 дан кучга кирди.
Россия 24 февраль куни Украинага бостириб кирди, бироқ Украина кучлари қаттиқ қаршилик кўрсатди ва Ғарб Москвани ўз ҳарбийларини олиб чиқишга мажбурлаш мақсадида унга қарши кенг қамровли санкциялар киритди.
НАТО, Қўшма Штатлар ва бошқа аксарият Ғарб иттифоқчилари Украинага қўшин жўнатмасликларини билдириб, Россия иқтисодиёти ва Путинга яқин шахсларга қарши қатор санкцияларни жорий қилди.
Польша ва Болтиқбўйи давлатлари эндиликда янада қаттиқроқ санкциялар, жумладан, Европа Иттифоқига Россиядан нефть ва газ импортини тақиқлашни талаб қилмоқда. Бироқ, Россия газига қаттиқ боғланган Германия ва бошқа Европа Иттифоқига аъзо баъзи давлатлар бунга қаршилик қилмоқда.
Кремл сўзчиси Дмитрий Песков Россия нефтига эмбарго қўйилса, қитъанинг энергия балансига путур етишини ва Европа қаттиқ зарбага учрашини айтди.
Россия ноҳарбий объектларга ҳалокатли ҳужумлар ҳақида кенг тарқалган далилларга қарамай, тинч аҳоли нишонга олинганини рад этмоқда.
Кузатувчиларнинг тахминига кўра, Россия ҳарбий кучлари мамлакатнинг кўп ҳудудларида Украина кучлари томонидан тўхтатилган. Бу эса томонлар уруш узоқ давом этадиган можародан чиқолмаслигини англатиши мумкин.
БМТ миграция агентлиги 21 март куни Украинада уруш оқибатида 6,5 миллионга яқин одам ўз уйини ташлаб кетганини ва бу ташкилотнинг энг ёмон прогнозларидан ҳам ошиб кетганини маълум қилди.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 3,5 миллионга яқин киши Украина чегаралари орқали қўшни давлатларга қочиб ўтган. Уларнинг асосий қисми НАТО ва Европа Иттифоқига аъзо Польшага келган.