Вашингтон Россияга Норманд форматига қайтишни таклиф қилди
“Биз Москвага унинг олдида икки йўл – низоларни тинч ҳал қилиш учун дипломатия ва мулоқот ҳамда агрессия йўли борлигини англатиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз. Биз иккала йўналишда ҳам иш олиб борамиз ва Россиянинг ҳар қандай танловига ҳозирлик кўрамиз”, дея урғулади Блинкен.
Давлат котибига кўра, Норманд форматидаги музокаралар “яхши вариант” бўлиб қолмоқда. Бироқ Россия Минск битимлари бўйича мажбуриятларини бажаришда “Украинага нисбатан анча сусткашлик қиляпти”.
“Россия Минск битимларининг ҳеч бир талабини имплементация қилмади. Бу йўналишда ҳали кўп ишлаш керак, деб ўйлайман”, деди Блинкен.
АҚШ Россия қўшинларининг Украина билан чегара яқинига тўпланишидан ташвишланмоқда. Блинкеннинг айтишича, ҳозирда уларнинг сони 2014 йилдан бери энг кўп миқдорда бўлиб, тез орада икки бараварга ортиши мумкин. Айни вазиятда Кремль ўйинни қандай якунламоқчи эканини америкалик сиёсатчилар ҳануз тушуна олишмаяпти.
“Кремлнинг муддаоси нималигини айта оладиган ягона одам бу президент Путин. Балки, айни дамда у ҳам билмас, чунки илгари унинг ёндашуви шунақа эди ва бу ҳозирда унинг муаммоларни ҳал қилишга ёндашувини белгилаб беради – у кейинги хатти-ҳаракатлар учун мумкин қадар кўпроқ вариантлар яратади”, қўшимча қилди Блинкен.
Давлат котиби Россия очиқ қуролли можародан воз кечиши, аммо киберҳужумлар уюштириш, давлат тўнтариши ёки бегона байроқ остида махсус амалиётлар ўтказишга уриниш каби урушнинг гибрид усулларини қўллаши мумкинлигини истисно қилмади.
Энтони Блинкен АҚШ Россиянинг хавфсизлик кафолатларига доир талабларига ёзма жавоб қайтарганидан бир кун ўтиб интервью берган. Ўтган йил декабрида Москва НАТОнинг шарққа кенгайишини тўхтатиш ва Европада ўрта ва қисқа масофага учадиган ракеталар ҳамда АҚШнинг ядро қуролларини жойлаштирмаслик талаби билан чиққан эди.
Давлат департаменти жавоб мазмуни эълон қилинмаслигини билдирган, айни пайтда АҚШ ва иттифоқчилари НАТОнинг асосий принципларидан бири – унинг янги аъзолар учун очиқлиги принципидан воз кечмаслигини таъкидлаган.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ ва НАТОнинг жавоблари президент Владимир Путинга топширилганини ва уларни ўрганиб чиқиш учун вақт кераклигини айтган.