© Denis Balibouse/Pool via AP Швейцариянинг Женева шаҳрида АҚШ ҳамда Россия дипломатларининг Москва талаб қилаётган хавфсизлик кафолати борасидаги учрашуви бўлиб ўтди. Ёпиқ эшиклар остида ўтган учрашув 8 соат давом этиб, аниқ келишувга эришилмади. Томонлар учрашувдан кейин эҳтиёткорона баёнот бериб, мулоқот давомий бўлишига умид билдиришди. Россия делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков ҳамда мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин етакчилик қилди. Америкалик дипломатларга эса Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерман ҳамда Давлат котибининг қуролланишни назорат қилиш бўйича ўринбосари Бонни Женкинс бош бўлди. Россия томони ушбу учрашувни музокара деб атаб, у дангал ўтганини таъкидлаган бўлса, Америка дипломатияси буни «томонларнинг нуқтайи назарларини билиб олишга имкон берувчи мулоқот» деб атади. Ўз навбатида, Сергей Рябков Россия талаб қилаётган шартлар бажарилиши имконсиз эмаслиги ва мулоқот «умидбахш» тарзда ўтганини таъкидлади. Россия ҳамон НАТО кенгаймаслиги бўйича шошилинч кафолат истамоқда Россия делегацияси раҳбари Сергей Рябков мамлакат ҳамон НАТО кенгаймаслиги, Украина ҳеч қачон унга киритилмаслиги бўйича кафолат талаб қилаётганини такрорлади. «Биз учун Украина ҳеч қачон НАТОга кирмаслиги бўйича кафолат берилиши талабининг қаноатлантирилиши шарт эканини таъкидламоқчиман. НАТОнинг Мадридда ўтажак навбатдаги саммитида 2008 йил Бухарестдаги саммитда қабул қилинган формуласи қуйидагича ўзгартирилишини хоҳлаймиз: «Украина ва Грузия ҳеч қачон НАТО аъзосига айланмайди». Бу Россия миллий хавфсизлиги масаласи. Биз қуруқ гапдан иборат мулоқотлардан чарчадик. Ёпиқ эшиклар остида ўтадиган музокараларда кўп учрайдиган ярим ваъда ва нотўғри талқин қилинадиган сўзлардан ҳам. Биз бошқа тарафларга ишонмаймиз. Бизга қуруқ ваъда эмас, айнан кафолат керак: «мажбур», «шарт», «НАТО аъзосига айланмайди» сўзлари битилган кафолат», деди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари. АҚШ дипломатлари раҳбари бўлган Уэнди Шерман эса қисқа қилиб, бу талаб қаноатлантирилмаслигини маълум қилди. «Биз ҳеч кимга бирор давлат учун НАТО эшикларини ёпишга йўл қўймаймиз. Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан икки томонлама мулоқотни давом эттириш тарафдоримиз», деди америкалик дипломат. © EPA-EFE/DENIS BALIBOUSE/POOL Украинага бостириб кириш масаласи АҚШ томони мулоқотдан кейин ўтказилган брифингда Россиянинг Украинага бостириб кириш масаласини ҳам кўтарди. Рус делегацияси раҳбари Россиянинг бундай мақсади йўқлигини айтди. «Россия Украинага бостириб кирмоқчи эмас, бу масалада гаплашадиган гапнинг ўзи йўқ. Аксинча, биз Украина ёки умуман Ғарб томонидан бизга нисбатан уюштирилиши мумкин бўлган провокациядан хавотирдамиз», деди Рябков. Америка дипломатлари етакчиси эса Россия Украина чегарасидаги аскарларини ортга қайтариш орқали айтган гапларини исботлаши мумкинлигини билдирди. «Россия бизга ҳам худди оммавий тарзда эълон қилгани каби Украинага бостириб кирмоқчи эмаслиги, бу шунчаки манёвр ва машғулотлар эканини айтган. Россияда бу айтганларини исботлаш учун яхши имконият бор: вазиятни юмшатиш ва аскарларни казармасига қайтариш орқали», деди Шерман хоним. Яна иккита учрашув бўлади Россия ва Ғарб ўртасида Москванинг иддаоларини аниқлаштириш мақсадида яна иккита музокаралар ўтказилади. 12 январ куни Брюсселда НАТО – Россия форматида музокаралар ўтказилади. Эртасига эса Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доирасида Венада мулоқот бўлиб ўтади. НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг айтишича, НАТО – Россия форматидаги учрашувда Европадаги ҳарбий фаоллашув ҳамда қуролланиш устидан назорат бўйича музокаралар ўтказилади. Столтенберг Россия хавфсизлик масаласида мулоқотга тайёрлигини олқишлади. «Россия билан анча аввал – Норвегия бош вазири бўлганимда ҳам музокара ўтказган инсон сифатида айтишим мумкинки, улар билан келишиш мумкин. НАТО контекстида ҳам Россия билан келишиш мумкинлигини кўрганмиз. Хусусан, қуролланиш устидан назорат ёки бошқа кенг доирадаги масалаларда ҳам», деди НАТО бош котиби. «Тўппонча Украинанинг бошида» Музокараларда Россия вакили сифатида иштирок этган Рябковнинг айтишича, НАТО Россиядан ортга чекинишни кутмаслиги керак. «НАТО «этагини йиғиштириб» 1997 йилги ҳолатига қайтиши керак», деди дипломат. KEYSTONE/REUTERS POOL Россия ТИВ декабрда ҳам НАТОдан альянсга Украина ва Грузияни киритмаслик бўйича кафолат талаб қилган, аммо ташкилот бош котиби бу талабни кескин рад этиб, Россияни «ўз таъсир доирасидаги ҳудуд яратишга ҳаракат қилиш»да айблаганди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен АВС нашрига интервью берар экан, Россия ва АҚШ ўрта ва яқин масофаларда қўлланилувчи ракеталардан воз кечиш бўйича келишувни тиклаши мумкинлигини айтди. АҚШ бу келишувдан Трамп вақтида чиқиб кетган. Ўз навбатида, Блинкен Россия Украинанинг бошига 100 минг аскар кўринишида тўппонча тираб тургани ҳолатида ҳеч қандай келишувга эришиб бўлмаслигини таъкидлаганди. Турлича ёндашув АҚШ томони Женевада ўтган музокараларга икки мамлакат президентлари ўртасидаги келишувга асосан стратегик барқарорлик музокаралари доирасидаги навбатдан ташқари сессия сифатида қарамоқда. Бу доирада ҳозиргача икки учрашув ўтказилди. Айнан шу сабаб учрашувлар нейтрал ҳудудда эмас, БМТ қошидаги Американинг Женевадаги ваколатхонасида ўтказилмоқда. Кремль эса Женевадаги музокаралар Россия талаб қилаётган хавфсизлик кафолати доирасидаги музокара эканига урғу беряпти. Россия бу борада АҚШ ва НАТО вакилларига тақдим этган талабларини ҳатто ТИВ орқали оммага эълон қилганди ҳам. ВВС билан суҳбатда бўлган АҚШ Давлат департаментининг икки вакили ўз исми сир қолиши шарти билан музокаралар доирасидаги фикрларини билдирган. Уларнинг айтишича, музокаралардан кейин Россия томонидан ахборот муҳитидаги провокацияни кутишган. «Россия томонининг баёноти самимий ва холис бўлмайди деб ўйлаймиз. Иттифоқчиларимизга ҳам Россия томонининг баёнотига совуққон ёндашишни тавсия қиламиз», деган Давлат департаменти вакили. Британиянинг Times нашри эса музокаралардан аввал баъзи инсайд маълумотлар билан бўлишганди. Хусусан, нашр АҚШ Россиянинг Украинага эҳтимолий бостириб кириши сабаб санкциялар тайёрлаб қўйгани, агар бу иш содир бўлса, қатор санкциялар қаторида Россия халқаро банк тўловлари бўлмиш SWIFT тизимидан узиб қўйилиши режаланаётгани ҳақида ёзганди. Экспертлар нима демоқда? Россия бўйича таниқли эксперт америкалик Майкл Коффманнинг фикрича, Вашингтон Россия истаётган форматда музокара ўтказмоқчи эмас. Экспертга кўра, АҚШ вазиятни қуролланишни ва ҳарбий машғулотларни назоратга олиш орқали юмшатмоқчи, лекин Россия фақат ва фақат юридик кафолат талаб қилиш билан банд. АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими Самюэл Шарапнинг фикрича, фақат икки ҳолатда музокаралар самарали бўлиши мумкин: ёки Россия максимал талабларининг баъзиларидан воз кечади ёки АҚШ Россиянинг баъзи талабларини руслар сўраётган форматда бўлмаса ҳам қаноатлантиради. «Тўғри, музокараларда қандайдир натижа бўлмади, аммо бундан бадтар бўлиши ҳам мумкин эди. Томонлар музокарадан уйга қайтиб, урушга тайёргарлик кўришмаяпти, мулоқот давом этишини айтишди. Бироқ ҳеч қандай олдинга силжиш бўлмагани ҳам яхши эмас», дейди Шарап. Унинг тахминича, томонларнинг фикри бир томондан чиқиши қийин масала. Аммо Америка кескинликни ўзининг устунлиги бўлмиш дипломатия орқали ҳал қилиши керак, акс ҳолда оқибат ҳеч ким учун ёқимли бўлмайди. АҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети профессори Сергей Радченко тарихдан битта позитив, битта негатив мисол келтирди. Унинг фикрича, масалани дипломатик йўл билан ҳал қилмоқчи бўлишса, Блинкен айтганидек яқин ва ўрта масофадаги ракеталар назорати бўйича музокара ўтказишдан бошқа йўл йўқ. Профессор Россия ва АҚШ муносабатларида ультиматум самара бермаганини айтар экан, 1958 йилдан мисол келтирган. Ўшанда СССР компартияси бош котиби Никита Хрушчёв АҚШга Германиядаги урушдан кейинги тузилма бўйича талаб қўйиб, ҳеч нарсага эриша олмаган. Радченко позитив мисол сифатида Рейган ва Горбачёв вақтидаги ҳолатни келтирган. 1987 йил АҚШ президенти Рональд Рейган ҳамда СССР раҳбари Михаил Горбачёв яқин ва ўрта масофадаги ракеталарни йўқ қилиш бўйича келишувга эришганди. «Очиқчасига босим ва ультиматум – музокаралар учун яхши восита эмас», деган профессор. Рональд Рейган ва Михаил Горбачёв / TASS Рус экспертлар нима фикрда? Россиялик экспертлар ҳам Женевадаги музокаралардан ҳеч нарса кутмаганини айтмоқда. Москва халқаро муносабатлар институтининг халқаро тадқиқотлар институти илмий ходими Андрей Баклицкий АҚШ делегациясини бошқарган Шерман қандайдир қарор чиқариш ваколатига эга бўлмаган шахс эканига урғу қаратган. Айниқса НАТО масаласида. Баклицкийнинг фикрича, Россия учун Вашингтон ўз талабларини жиддий қабул қилиши муҳим бўлган. «Москва талаблари бажарилиши шарт ва ҳатто шошилинч бажарилиши кераклигини айтмоқда. Шу сабабли, талабларни эътиборсиз қолдиришнинг имкони йўқ. АҚШ вазият ортиқ бундай кескин бўлиб қололмайди деб ўйласа, демак, мулоқот орқали муаммони ҳал қилиш имкони бор», деган у. Баклицкий кейинги музокаралар НАТО – Россия форматида ўтиши руслар учун ноқулайлик туғдиришини айтди. Чунки яқинда россиялик дипломатлар Брюсcелдан чиқариб юборилган, айнан шу шаҳардаги НАТО қошидаги Россия ваколатхонаси ёпилганди. Британиялик сиёсий тарихчи сэр Лоуренс Фридман ҳам шундай фикрда. Россия халқаро алоқалар кенгаши бош директори Андрей Кортуновнинг фикрича, АҚШ энг асосий музокараларни НАТОга ташлаб қўйиб, ташкилот ишига аралаша олмаслигини шунчаки баҳона қилмоқда. «Яна бир масала шундаки, Россия асло орқага қадам ташлашни истамаётган экан, музокара ўтказишдан нима маъни бор? Бунақада таслим бўлишни талаб қилақолиш керак», деган эксперт. Украина ва Шарқий Европага оид талаблар Россия АҚШдан нафақат НАТО шарққа қараб кенгаймаслиги бўйича кафолат, балки 1997 йилдан кейин альянсга кирган аъзоларга қўшимча аскар юбормасликни талаб қилмоқда. Гап Шарқий Европанинг 14 давлати, хусусан, Болтиқбўйи давлатлари ҳақида кетмоқда. Вашингтон эса Украина ёки бошқа давлатлар тақдирини уларнинг ўзисиз ҳал қила олмаслигини айтади. Шунингдек, Россия АҚШдан Шарқий Европадан ракета ҳужумидан ҳимоя воситаларини олиб чиқиб кетишни ҳам талаб қиляпти. Энтони Блинкен ҳамда бошқа дипломатлар ҳам бу борада яқин ва ўрта масофадаги ракеталарни чеклаш келишувига қайтишдан бошқа дипломатик йўл кўрмаётганини айтган.