Алексей Навальний қамоқхонадан маҳбуслар касалхонасига кўчирилди
Навальний ётқизилган касалхона Владимирдаги 3-сонли ахлоқ тузатиш муассасаси ҳудудида жойлашган. ФЖИЭХ сиёсатчининг аҳволини қониқарли деб баҳоламоқда. Хабарномада айтилишича, беморга, ўзининг розилигига кўра, витаминлар билан даволаш курси тайинланган.
ОАВ Навальний кўчирилган 3-сонли қамоқхонани “қийноқлар муассасаси” деб атамоқда. Ушбу колония маҳбуслар “қайта тарбиялаш” ва жиноят содир этганлик ҳақида иқрорнома олиш учун олиб келиниши таъкидланади. Собиқ маҳбусларга кўра, касалхонада уларга психотроп дорилар берилиб, қийноққа солинган ва ҳатто зўрланган ҳам.
Аввалроқ Навальнийнинг даволовчи врачлари унинг қон таҳлили натижаларини эълон қилишган эди. Улар ўзларида мавжуд ҳужжатлар билан мухолифатчининг соғлиғи хавф остида қолганини таъкидлашмоқда.
Чунончи, врач Анастасия Васильевага кўра, Навальнийнинг юраги тўсатдан тўхтаб қолиши эҳтимоли мавжуд.
“Ив Роше” иши бўйича судланган мухолифатчи февраль ойидан бери 2-сонли қамоқхонада сақланмоқда. Қамоқхонада Алексей Навальнийнинг соғлиғи бирдан ёмонлашган. У март ойи охирларида, зарур тиббий ёдам олмаётганига норозилик сифатида очлик эълон қилган.
Кеча Навальний штаби 21 апрель куни Россиянинг барча йирик шаҳарлари, жумладан, Москва ҳамда Санкт-Петербургда мухолифатчининг озод этилиши учун норозилик намойишлари ўтказилишини эълон қилган эди.