Ногирон қизалоқ ўлимида айбланган самарқандлик энага Россиядан бадарға қилинади
РИА Новости хабарига кўра, Россия Ички ишлар вазирлиги томонидан мазкур шахсга нисбатан 2017 йили “Россия ҳудудидан чиқиб кетиш ва Россия ҳудудига кириш тўғрисида”ги федерал қонуннинг 25.10-моддаси 4-бандига асосан унинг Россияда бўлиши исталмаганига оид қарор қабул қилинган.
“Даволанишдан сўнг у Россиядан бадарға қилинади”, дейилган Россия ИИВ томонидан агентликка берилган жавоб хатида.
Г. Бобоқулова 2016 йил февралида Москвада ўзи 3 йилча энагалик қилиб келган ногирон 4 яшар Анастасия Мешчеряковани аввал бўғиб ўлдириб, кейин бошини олган эди. Қизалоқ танаси қолган квартирага ўт қўйиб юборган энага Москва кўчаларида қизнинг бошини кўтариб юрган пайтда қўлга олингани видеотасвирларда ўз аксини қолдирган.
Ўша йилнинг 24 ноябрида Хорошево туман суди уни руҳий носоғлом деб топиб, жиноий жавобгарликдан озод қилган. Ўз жиноятига тўлиқ иқрор бўлган аёл “Оллоҳнинг буйруғи”ни бажаргани ва у билан “гаплашганини” билдирган. Суддан кейин Гулчеҳра Бобоқулова Қозон шаҳридаги руҳий касалхонага мажбурий даволаниш учун юборилган.