Россияда экстремизм айблови билан уч нафар қрим татари узоқ муддатга қамалди
Шу йил 12 январида бўлиб ўтган маҳкамада Энвер Ўмеров 18 йилга, Айдер Жеппаров 17 йилга, Риза Ўмеров эса 13 йилга қамаш ҳақида ҳукм ўқилди.
2019 йил июнида қўлга олинган бу уч нафар эркак “Ҳизбут-Таҳрир” аъзоси ўлароқ Қримда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш мақсадида тил бириктирганликда айбланган. Россияда фаолияти 2003 йилдан буён тақиқда бўлган мазкур исломий партия Украинада ва Европа мамлакатларининг аксариятида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган эмас.
Украина омбудсмени Людмила Денисова Россия суди ҳукмини қоралаб, буни “бизнинг фуқароларга нисбатан агрессор мамлакатнинг ноқонуний қарори” деб атаган.
Денисовага кўра, Россия “ўзининг шармандали фаолияти билан халқаро шартномалар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларини очиқдан-очиқ бузишда давом этмоқда”.
“Мемориал” инсон ҳуқуқларини маркази узоқ йилга кесилган бу уч киши ва “Ҳизбут-Таҳрир” иши бўйича айбланаётган бошқа кўплаб қрим татарларини сиёсий маҳбус, дея тан олган.
Қрим 2014 йилда Москва томонидан аннексия қилиб олинган. Ўшанда қрим татарларининг кўпи ўз тарихий ватани бўлмиш яриморол Россия томонидан эгаллаб олишинига фаол қаршилик кўрсатишган. Қрим аннексия қилинганидан бери, маълумотларга кўра, юздан зиёд қрим татари “Ҳизбут-Таҳрир” диний партиясига алоқадорликда айбланиб, жиноий таъқибга учраган.