Москвада Pussy Riot гуруҳининг икки аъзоси қўлга олинди
“Дождь” телеканали эса Pussy Riot’нинг яна бир фаоли Мария Алёхинанинг "Флакон" креатив кластери ёнида тутиб кетишганини хабар қилди. “Дождь” Телеграм-каналида фаолни икки нафар полициячи судраб кетаётгани акс этган видео ёйинланган. Pussy Riot иштирокчиси Пётр Верзилов Алёхинани “Дождь” телеканалига интервью бериш олдидан қўлга олишганини маълум қилган.
Pussy Riot гуруҳи 7 октябрда Россия президенти Владимир Путиннинг туғилган кунига атаб давлат гомофобиясига қарши акция уюштирганди. Фаоллар ФСБ (ФХХ), президент маъмурияти, Олий суд, “Басманний” ички ишлар бўлими ва Маданият вазирлиги биноларига камалак рангидаги байроқлар осиб кетишган.
Акция иштирокчилари Чеченистонда гей, лесбиянка, трансгендерларнинг ўлдирилиши ва ўғирланиши юзасидан тергов ўтказиш, ЛГБТ ҳамжамиятига ёрдам берувчи фаоллар ва ташкилотларни таъқиб қилишни тўхтатиш, бир жинсли никоҳларни легаллаштириш ҳамда вояга етмаганлар орасида ноанъанавий жинсий муносабатлар пропагандасига оид амалдаги қонунни бекор қилишни талаб қилишган.
Акция чоғида Озодликнинг рус хизмати топшириғини бажараётган мухбир Артем Радигин ФХХ биноси олдида қўлга олинган. Акциядан кейин Pussy Riot гуруҳининг икки иштирокчиси — Василий Андрианов ва Елизавета Дидерих ҳам ушланган.