COVID-19: Қирғизистонга Россиядан ёрдамга келган врачлар юртига қайта олмаяпти
Июль ойида Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони кескин кўпайиб, касалхоналарда врачлар етишмай қолган пайтда 100 чоғли россиялик врач кўнгилли равишда ёрдамга етиб келган. Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамда Россия Ташқи ишлар вазирлиги уларнинг қайтишига ёрдам беришни ваъда қилишган, бироқ ҳозирда мамлакатлар ўртасидаги чегаралар ёпиқлигича қолмоқда.
Россиялик врачлар Озодликнинг қирғиз хизматига шу кунда ҳақ тўланмайдиган таътил олишга мажбур бўлганлари, Москва ва Санкт-Петербургдаги иш жойларига кета олмаётганларини айтганлар. Улар орасида реаниматолог-анестезиологлар, неврологлар, кардиологлар ва бошқа мутахассислар бор. Россияда ишлайдиган бу врачларнинг қайси давлат ватандоши эканига аниқлик киритилмаган.