Россиянинг энг бой одамларидан бири Дмитрий Босов ўзини ўлдирди
Россия Тергов қўмитаси расмийси Интерфакс агентлигига Босов яшаган Москва вилоятидаги Усово қишлоғида 52 ёшли одам ўзини ўлдирганини тасдиқлаган. Хабарда айтилишича, бу одам бошига ўқ узган, унинг жасади олдида ўқ узилган тўппонча топилган.
РБКнинг ёзишича, Босов 6 майга ўтар кечаси ўз жонига қасд қилган. Босов раҳбарлик қилган АЛЛТЕК ширкати ҳозирча бу хабарга муносабат билдирмади.
52 ёшли Дмитрий Босов АЛЛТЕК ширкатининг энг йирик ҳиссадори эди. Мазкур ширкат "Сибантрацит" ва "ВостокУголь" компанияларини назорат қилган.
Forbes Босовнинг бойлигини 1 миллиард 100 миллион долларга баҳолаган. Босов Россиядаги энг бой одамлар рўйхатида 86-ўринни эгаллаган.