Тошкентда МГИМО филиалини очишга Россия Ташқи ишлар вазири келади
![Тошкентда МГИМО филиалини очишга Россия Ташқи ишлар вазири келади](https://gdb.rferl.org/559FD35B-EDDA-4F2A-9A84-A05CBB7D82D6_w800_h450.jpg)
Январь ойи ўртасида Ўзбекистонга келиши кутилаëтган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкентда МГИМО филиалининг тантанали очилишида қатнашади.
Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маълум қилди.
Интерфакс агентлиги келтирган иқтибосида Комилов¸ Халқаро муносабатлар бўйича Москва давлат институти филиалининг Ўзбекистонда очилиши Лавров сафарининг муҳим қисми эканини таъкидлаган.
МГИМОнинг Ўзбекистондаги филиали Россия олийгоҳи ва Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ўртасида 2018 йил имзоланган келишув асосида очилган. Бу филиалда ўқиш жорий йил сентябридан бошланган.
МГИМО ректори Торкуновга кўра¸ олийгоҳда Россия ва Ўзбекистон мутахассислари дарс беради ва талабалар ўқишнинг бир қисмини Москвада ўтказади.
Кейинги йилларда Ўзбекистонда очилган Россия олий ўқув юртлари филиаллари сони ошиб бормоқда. Биргина 2019 йили Ўзбекистонда олтита Россия олийгоҳи иш бошлаган.