Кремль учун жиддий синовга айланган ҳудудий ва маҳаллий сайловлар бўлмоқда (ВИДЕО)
Кузатувчилар бу орада президент Владимир Путин ва уни қўлловчи ҳукмрон партия рейтинги пастлаб бораётганини айтишмоқда.
8 сентябрь куни бўлиб ўтаётган Москва шаҳар кенгаши сайловларини фаоллар ва сиёсий шарҳловчилар яқиндан кузатмоқда.
45 ўринли Москва думаси шаҳар бюджети учун масъул бўлиб, унда энг кўп ўринни Кремлпараст “Единая Россия” партияси эгаллаган. Бугунги сайловда барча 45 ўрин учун кураш кетмоқда.
Расмийлар ушбу сайловда мустақил номзодлар қатнашишига изн бермади, натижада Россия бўйлаб бир неча ҳафта давомида норозилик намойишлари тинмади.
Сайлов олдидан Путин ўтган йилги вазият такрорланмаслиги учун бир неча губернаторни алмаштирди. Ўтган йилги сайловларда Кремль қўллаб келган бир неча номзод мағлуб бўлганди.
Москвада ҳукмрон “Единая Россия” партиясининг кўплаб аъзоси ўзларини партиядан узоқлаштириш учун “мустақил” номзод ўлароқ қатнашмоқда.
Ҳукмрон партия пенсия ёшининг ошрилиши ва қўшилган қиймат солиқлари ортидан кўплаб қўлловчисини йўқотди.
“Единая Россия” партияси, шунингдек, узоқ масофаларга ўз машинасида юк ташувчиларга солиқ солиш дастурини қўллаб, чиқиндилар муаммосини ҳал қилиш бўйича турли таклифларга қарши уюштирилган намойишларни ҳам бостирди.
Давлатга қарашли сўров агентлиги маълумотларига кўра, президентнинг обрўйи ҳам пастламоқда: унинг рейтинги сўнгги 13 йил ичидаги энг паст кўрсаткичга тушиб қолган.
Москвада сайлов бошланар экан, мустақил номзодлар ушбу сайлов ёрдамида мухолифат ҳануз сиёсий кучга эга эканини кўрсатишни кўзлаган эдилар. Аммо июль ойида расмийлар мустақил номзодлар тўплаган имзолар сохта эканини айтиб, уларни рўйхатга олмади.
Рад этилган номзодларнинг аксари расмийларни турли йўллар билан, жумладан, қўрқитиш орқали уларни сайловдан четлатишда айблади.
5 сентябрь куни хавфсизлик кучлари мухолифатчи Алексей Навальнийнинг Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси офиси, унинг телестудияси ҳамда Москвадаги қароргоҳини тинтув қилди.
Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлмиш Навальний 30 июлда россияликларни рухсат берилмаган акцияларда иштирок этишга чорлагани учун 30 кунга қамалган эди.
Мустақил номзодларнинг сайловдан четлатилгани норозилик акциялари тўлқинига сабаб бўлди.
10 август кунги намойишга Москвада 50 мингга яқин одам чиқди.
Бу намойишлар 2011 йилдан бери Россияда ўтказилган энг йирик аксилҳукумат акцияси, деб эътироф этилмоқда.
Россия полицияси 27 июль ҳамда 3 август кунлари ўтказилган намойишларда иштирок этган 2 минг 300 дан ошиқ одамни қўлга олди. Уларнинг кўпчилигига қарши полиция ошиқча куч ишлатгани кескин қораланди.
Путин намойишларга кўз юмиб келаётган эди. Аммо 21 август куни уларни “сайловолди тангликнинг бир бўлаги” дея таърифлади.
- Россия инсон ҳуқуқлари ва ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳурмат қилади, - деди президент ва қонунни бузган оддий фуқаролар ва полициячилар жавобгарликка тортилишини қўшимча қилди.
Сайловдан икки кун олдин Марказий сайлов комиссияси етакчиси Элла Памфиловага Тазер билан қуролланган номаълум шахс ҳужум қилгани хабар қилинди. Памфилова ҳужумда зарар кўрмади.