Reuters ахборот агентлигининг журналисти Мария Цветкова Россияда ҳарбий хизматга аёллар мажбурий чақиртирилмаса-да, ҳарбий комиссариатга чақирув қоғози олди. У бу ҳақда Facebook’да маълум қилди. Чақирув қоғози аёл журналистга 27 июлда Москвадаги норозилик намойишида ушлангандан кейин келган. Таажжублиси, бу чақирув қоғози Мария Владимирович Цветков номига келган. “Умуман олганда, мени ҳайратлантириш қийин деб ўйлардим, бироқ бу ерда Мария Владимирович Цветков номига чақирув қоғози келди. Буни менга маълум қилган расмий ходим ҳоҳолаб куларди. Гап шундаки, мен журналистман ва ўша вақт ишлаётган бўлсам-да, 27 июлда мэрия олдидаги акция олдидан ушлангандим, 27 июлдан 3 августгача эса давлат идораларига барча ушланганларни солиқ идораларидан тортиб суд нозирларининг базалари бўйича текшириш буйруғи берилган ва шу тариқа уларнинг намойишларга бошқа бормасликлари мақсадида расмий сўроқлар билан қўрқитишлар бўлиб ўтган”, деб ёзган Мария Цветкова. Фото: Facebook /Мария Цветкова Журналистнинг айтишича, раҳбариятдан бемаъни буйруқ олинганда, бунга қарши курашишнинг ягона йўли унинг беъманилигини сақлаб қолган ҳолда бажаришдир. The Bell нашрининг хабар беришича, тергов қўмитаси баҳорги чақирув 15 июлда якунланганига ва кузги чақирув октябрда бошланишига қарамай келишилмаган акцияларда армиядан бўйин товловчиларни излашга ваъда берган. Маълум қилинишича, 16 кишига нисбатан Россия жиноят кодексининг “Ҳарбий ва муқобил хизматни ўташдан бўйин товлаш” моддаси бўйича терговолди текшируви бошланган. Москвада 14, 27 июль ва 3 август кунлари шаҳар думасига депутатликка номзодларини ўтказа олмаганлар томонидан уюштирилган келишилмаган намойишлар бўлиб ўтган. Полиция уларда турли қоидабузарликлар учун умумий ҳисобда 1,7 мингга яқин одамни ушлаган. Россия тергов қўмитаси оммавий тартибсизликлар ва ҳокимият вакилига ҳужум қилиш бўйича жиноий ишлар қўзғатган. Москва шаҳар думасига сайловлар 8 сентябрда бўлиб ўтади. Сайлов комиссиялари уларда иштирок этишга 233 кишини қўйган, 57 кишига рад жавоби берилган. 22 нафар рўйхатга олинмаган номзоднинг имзолар рўйхатида 339 нафар ўлган одам, 29 нафариникида эса 14 мингдан кўпроқ мавжуд бўлмаган сайловчилар аниқланган.