ЦСКА ҳужумчи Фёдор Чаловни сотиб юборган тақдирда унинг ўрнига «Ростов»дан Элдор Шомуродовни харид қилиш вариантини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Betting Insider Москва клубига яқин манбасига таяниб хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, «Ростов» айни пайтда ўзбекистонлик ҳужумчиси билан хайрлашиш нияти йўқ. Шомуродовнинг агенти Кахор Мўминовнинг сўзларига кўра, Элдор рус клубларига ўтмоқчи эмас. «ЦСКА – Россиянинг энг обрўли жамоаларидан, лекин биз РПЛ клублари таклифларини кўриб чиқмасликка келишиб олганмиз. У ўзини Европада синаб кўрмоқчи. Бундай таклифлар бор. Аммо биз «Ростов»ни ҳурмат қилган ҳолда трансфер шартлари ва вақти бўйича қарорни улар қабул қилишлари керак, деб ҳисоблаймиз», – деди агент «Спорт-Экспресс» мухбири билан суҳбатда. Маълумот учун, 24 ёшли Шомуродов Россия чемпионатининг ортда қолган 4та турида қатнашиб, 3та гол урди. У июнь ойида клуби билан янги 5 йиллик шартнома имзолаган эди. Қўшимча қилиш жоиз, сўнгги хабарларда ЦСКА Фёдор Чаловни таркибда сақлаб қолишга қарор қилгани айтилмоқда. Шу боис ҳарбийлар клуби «Кристал Пэлас»нинг 23 млн фунтлик таклифини рад этган.