Кеча 16 январ Сурхондарё вилояти ҳокимлигида вилоят, туман ва шаҳар Халқ депутатлари Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда маҳаллий депутатлар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Йиғилишни вилоят ҳокими Тўра Боболов олиб борди. Йиғилиш кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш масаласи муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Cенати аъзолари сайлови бўйича ўтказилган йиғилиш натижаларига кўра, Тўра Боболов, Бахтигул Бўтаева, Баходир Қодиров, Орзиқул Соатов, Абдуқодир Тошқулов ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқаруви раиси Абдуғани Сангиновлар сайланди. Сангинов Абдуғани Абдураҳмонович ҳақида қисқача маълумот: 1959 йилда Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида таваллуд топган. А. Сангинов меҳнат фаолиятини 1982 йилда “Тўпалангсувқурилиш” трести лаборатория муҳандислигидан бошлаб, 18 йил давомида оддий ходимдан то трестнинг Қурилиш-монтаж бошқармаси бошлиғи лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди. -2008 йил январдан “Ўзсувэнерго” бирлашмаси бош директори лавозимида самарали ишлади. -2017 йил 18 майдан эътиборан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида фаолият олиб бормоқда. -А. Сангинов 2000 йилда “Дўстлик”, 2005 йилда “Меҳнат шуҳрати” орденлари, 2017 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони билан мукофотланган. -А. Сангинов мамлакат гидроэнергетика тизимини тубдан ўзгартириш ва ривожлантириш Давлат дастури ташаббускорларидан ҳисобланади. -А. Сангинов Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Жиззах ва Хоразм вилоятларида замонавий суғориш тармоқлари ҳамда муҳим гидроэнергетика иншоотларини барпо этишда фаол иштирок этди. Жумладан, 2006 йили “Тўпаланг” гидроэлектростанцияси, 2007 йилда “Резаксой” сув омборининг биринчи ва иккинчи навбати, 2008-2010 йилларда учинчи навбатини қурилишида, Марказий Осиёда энг узун тўғонга эга ҳисобланган – “Сардоба” сув омборининг фойдаланишга топширилиши, жаҳоннинг энг баланд 10 та сув омбори тоифасига кирган 187 метр баландликка эга бўлган – “Тўпаланг”сув омборининг қуриб битказилишида бош-қош бўлган. Шунингдек, ўтган даврда “Жанубий Қорақалпоғистон ирригация тизимини қайта тиклаш” лойиҳаси белгиланган муддатларда намунали амалга оширилди. Сурхондарё вилоятида “Аму-Занг” канали қайта тикланди. Сирдарё вилоятида “Дўстлик” канали объектлари қурилди. Ҳозирги кунда Хоразм вилоятининг “Тошсақа” суғориш каналлари тизимини қайта тиклаш ишлари бевосита олиб борилмоқда. Бундан ташқари, А. Сангинов республиканинг қатор ижтимоий инфраструктура объектларини барпо этишда фаол қатнашди. Унинг раҳбарлигида Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи “Шовот” каналида сув тўсувчи иншоотлар, Термиз шаҳрининг “Сурхон” дарёсида сув қуювчи иншоот ва ажратувчи тўғон қурилиши, Термиз шаҳрининг “Деҳқон озиқ-овқат бозори”ни реконструкция қилиниши, Термиз туманидаги “Ипак йўли марвариди” дам олиш масканини замонавий талаблар асосида барпо этиш, Қарши шаҳрида жойлашган “Қашқадарё” дарёсида сув тўсувчи иншоотлар қурилиши ва дарё ўзанини реконструкция қилиш ишлари самарали бажарилди. Шу билан бирга, 5 та умумий ўрта мактаб, 3 та коллеж, узунлиги 150 км бўлган йўллар қурилди, 16,5 км газ қувурлари ётқизилди, 59 км электр линиялари барпо этилди. Термиз шаҳрида “Қабуллар уйи” ва110 ўринли меҳмонхона қурилиб, фойдаланишга топширилди. А. Сангинов бошчилигида фаолият юритаётган “Ўзбекгидроэнерго” АЖ мамлакатимизнинг табиий сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, аҳолини қайта тикланадиган, экологик тоза ва арзон электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш жараёнига муносиб улуш қўшмоқда. Халқимиз турмуши фаровонлиги, иқтисодиётимизнинг янада тараққий этишига ўзининг муносиб улушини қўшиб келмоқда. Эришилаётган улкан ютуқлар, қўлга киритилаётган юқори натижалар замирида Сангинов Абдуғани Абдураҳмоновичнинг ақлу заковати, юксак тажрибаси, фидойилиги, жонкуярлиги, машаққатли ва шу билан бирга, шарафли меҳнат фаолияти ётади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан қурилиш ишларида жонбозлик кўрсатиб келаётган Абдуғани Сангиновнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига сайланганлиги билан чин юракдан табриклаймиз. Ватан равнақи ва гидроэнергетика соҳасида олиб бораётган изчил ва самарали фаолиятига улкан зафарлар тилаймиз.