Артемида-2: Орион кемаси тарихий космик миссияни якунлаб Ерга қайтди
NASA’нинг “Артемида-2” миссияси доирасида Ой атрофини айланиб чиққан “Орион” космик кемаси Ерга муваффақиятли қайтди. Қайтиш жараёни шанбага ўтар кечаси, 11 апрел куни Калифорния штатидаги Сан-Диего шаҳри яқинида, Тинч океани ҳудудида амалга оширилди.
NASA’нинг расмий YouTube каналидаги қўниш жараёнини 3 миллиондан ортиқ томошабин жонли кузатди. Шу билан бирга, ушбу тарихиий воқеа агентликнинг бошқа расмий платформалари орқали ҳам эфирга узатилди.
Миссия давомида инсон космосда Ердан энг узоқ масофага етгани бўйича янги рекорд қайд этилди. Астронавтлар Ердан 407 минг километргача узоқлашиб, 1970 йилдаги “Аполлон-13” миссиясида ўрнатилган аввалги натижани янгилашди.
“Орион” кемасида NASA астронавтлари Рид Уайзман, Виктор Гловер ва Кристина Кук, шунингдек Канада космик агентлиги вакили Жереми Ҳансен иштирок этди. Космик аппарат АҚШнинг шарқий соҳилидан 1 апрел куни парвоз қилган бўлиб, 6 апрел кечаси Ойни кузатиш босқичини якунлаб, Ерга қайтиш йўналишини олган.
Миссия давомида экипаж янги авлод скафандрларини ҳам синовдан ўтказди. Ушбу скафандрлар астронавтларга автоном ҳолда олти кунгача нафас олиш имкониятини бера олиши билан аҳамиятлидир.
“Артемида-2” космик дастури инсонзотнинг Ойга қайтиш йўлидаги энг муҳим босқичлардан бири сифатида баҳоланмоқда.