Си Цзиньпин Тайван мустақиллигига қарши қатъий позициясини билдирди
Хитой раҳбари Си Цзиньпин Тайван билан боғлиқ вазият юзасидан қатъий позициясини яна бир бор билдириб ўтди. У Тайван мухолифати етакчиси билан бўлиб ўтган учрашув давомида оролнинг мустақилликка интилиши минтақадаги барқарорликка жиддий хавф туғдираётганини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бўғознинг икки томонида яшовчи инсонлар аслида ягона миллат вакиллари ҳисобланади. Улар умумий тарих, маданият ва қадриятларга эга бўлиб, бир оиладек ҳамжиҳат яшаши лозим.
“Бўғознинг ҳар икки томонидаги ватандошлар – барчаси хитойликлардир. Биз тинчлик, тараққиёт ва ҳамкорликни хоҳлайдиган бир оиламиз. Оила аҳил бўлса, ҳамма жабҳа гуллаб-яшнайди. Тайван мустақиллиги бўғоздаги тинчликка раҳна солаётган асосий айбдордир — биз бунга асло тоқат қилмаймиз ва кўз юммаймиз”, — дея қатъий фикр билдирди Хитой етакчиси.
Расмий Пекин узоқ йиллардан буён Тайванни ўз ҳудудининг ажралмас қисми сифатида кўриб келади ва унинг мустақиллигига қаратилган ҳар қандай уринишни кескин рад этади. Шу боис мазкур масала атрофидаги кескинлик ҳали-ҳануз халқаро ҳамжамият эътибор марказида қолмоқда.