Чилонзорда аёлга ҳужум: тилла занжир юлиб кетилди (видео)
Пойтахт — Тошкентнинг Чилонзор туманида содир бўлган навбатдаги жиноят жамоатчилик эътиборини тортди. Яккабоғ маҳалласи ҳудудида 20 ёшли йигит аёлнинг бўйнидаги қимматбаҳо тилла занжирни тортиб олиб, воқеа жойидан қочиб кетган.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса эрта тонгда юз берган. Овқатланиш шохобчасида ишловчи аёл кундалик иш фаолиятини бажараётган пайтда ёнига номаълум шахс яқинлашган. Аёл уни оддий мижоз деб ўйлаган, бироқ кутилмаганда йигит унинг бўйнидаги қиймати 10 миллион 200 минг сўм бўлган тилла тақинчоқни юлиб олиб, қочиб кетган.
Жабрланувчи зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилган. Унинг сўзларига кўра, воқеа ҳақида хабар берилганидан сўнг қисқа вақт ичида ҳуқуқ-тартибот ходимлари етиб келган ва тезкор чоралар кўрилган. “Беш дақиқа ичида ходимлар келиб, дарҳол қидирув ишларини бошлашди. Кўп ўтмай жиноятчи топилгани ҳақида хабар берилди”, дейди у.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни содир этган шахс — 2006 йилда туғилган йигит Янгийўл тумани ҳудудида қўлга олинган. У тергов органларига топширилиб, ҳолат юзасидан зарур ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Маълум бўлишича, гумонланувчи муқаддам ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси (ўғрилик) билан судланган. Шунга қарамай, у ўз хатти-ҳаракатларидан тегишли хулоса чиқармай, яна жиноят содир этган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 166-моддаси (талончилик) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Гумонланувчи ўз кўрсатмасида қилган ишидан афсусда эканини билдирган. “Қочиб қутулиб бўлмас экан. Барибир тезда топишди. Бундай ишни ҳеч кимга раво кўрмайман. Ҳалол меҳнат билан яшаш керак экан. Қилган ишимдан пушаймонман ва ҳаммадан кечирим сўрайман”, деган у.