“Аския” бозори фаолияти камчиликлар сабаб тўхтатилди
Тошкент шаҳридаги “Аския” деҳқон бозорида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилмагани аниқланиб, унинг фаолияти вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Вазирлик хабарига кўра, пойтахтдаги бир қатор бозор ва савдо мажмуаларида давлат ёнғин назорати доирасида текширувлар ўтказилган. Текширувлар давомида бир нечта объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари қўпол равишда бузилгани аниқланган.
Хусусан, Яккасарой туманида жойлашган “Аския” деҳқон бозорида аниқланган камчиликлар унинг умумий ҳолати белгиланган талабларга жавоб бермаслигини кўрсатган. Шу сабабли бозор электр таъминотидан узилиб, фаолияти вақтинча тўхтатилган.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек, Бектемир, Чилонзор, Учтепа ва бошқа туманлардаги айрим бозор ва савдо марказларида ҳам камчиликлар аниқланиб, электр таъминоти вақтинча чекланган. Расмийларга кўра, барча камчиликлар бартараф этилгач, объектлар фаолияти қайта тикланади.
ФВВ бу чоралар тадбиркорлар фаолиятини чеклаш эмас, балки аҳоли гавжум жойларда хавфсизликни таъминлаш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилганини таъкидлади.