Қозоғистонда ғайриоддий ҳодиса: бир кўзли улоқча дунёга келди (видео)
Қизилўрда вилоятида ғайриоддий ҳайвон дунёга келгани ҳақида маълумот тарқалди, деб хабар беради inbusiness.kz.
Тармоқдаги маълумотларга кўра, Қизилўрда вилоятида ноёб аномалияга эга ҳайвон туғилган. Видеода бир кўзли, ичида иккита қорачиғи бўлган улоқ тасвирланган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ғайриоддий улоқ вилоятдаги хусусий хўжаликлардан бирида туғилган. Маълум бўлишича, янги туғилган эчки боласида жуда кам учрайдиган туғма аномалия кузатилган. Кўз катаклари бирлашиб, ягона кўзга айланган. Бу ҳодиса фанда "сиклопия" деб аталади," - дейилади тарқатилган норасмий маълумотда.
Мутахассислар таъкидлашича, сиклопия эмбрион ривожланишининг илк босқичларида юз ва мия тузилмалари тўлиқ ажралмагани натижасида юзага келади. Бу жараёнда кўз косалари бирлашиб кетади ва натижада одатий икки кўз ўрнига битта марказий кўз пайдо бўлади.
Бундай ҳолатлар табиатда жуда кам учрайди ва одатда бундай жонзотларнинг яшаш имконияти анча паст бўлади. Шунга қарамай, мазкур ҳодиса илмий жиҳатдан ҳам, жамоатчилик учун ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Қизилўрда вилояти ветеринария бошқармаси "Сирдарё туман ветеринария станцияси" хўжалик юритиш ҳуқуқи остидаги коммунал давлат корхонаси маълумотни тасдиқлади, бироқ ҳайвон бир неча соатдан кейин ўлганини айтди.