Ота-оналар диққатига: 1-синф қабул тўлиқ электрон тартибга ўтди
Ўзбекистонда 2026–2027 ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул жараёнлари тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, янги тартибга кўра қабул жараёни икки босқичда ташкил этилади. Яъни, 20 июндан 31 июлга қадар болалар микроҳудуд доирасида мактабга онлайн ариза топширишлари мумкин бўлади. 1 августдан 31 августгача эса микроҳудуддан ташқари ҳудудлар учун электрон қабул очилади.
Маълумотларга кўра, онлайн қабул тизими жорий этилган туман ва шаҳарлар сони 64 тадан 135 тагача кенгайтирилган. Шунингдек, бу тизимга уланган мактаблар сони ҳам кескин оширилиб, 1956 тадан 5689 тага етказилган.
Аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали — my.gov.uz ҳамда my.maktab.uz платформаси орқали қабул қилинади.
Янги ўқув йили учун 1-синфга қабул қилинувчи болалар ёши анъанавий тартибда белгиланган бўлиб, 7 ёшга тўлган, яъни 2019 йил 31 декабргача туғилган болалар қабул қилинади.
Онлайн тизим ҳали тўлиқ жорий этилмаган ҳудудларда эса қабул анъанавий, яъни мактаблар томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, жараён шаффофлигини таъминлаш учун барча маълумотлар мактабларда очиқ эълон қилиб борилади.
Шунингдек, маълум қилинишича, 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари жорий йил 20 августга қадар барча таълим муассасаларига етказиб берилади.