Тошкентда талаба йигит вояга етмаган болаларга мажбуран диний сабоқ бериб келгани аниқланди
Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида Тошкентда талаба йигитнинг вояга етмаган 9 нафар болага тазйиқ ўтказиб келгани аниқланган. 1992 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган ушбу шахс пойтахтдаги нодавлат олий таълим муассасасининг 2 босқич талабаси бўлиб, Янгиҳаёт туманидаги хонадонлардан бирини ижарага олиб, моддий манфаат эвазига 2014–2021 йиллар оралиғида болаларга диний сабоқ ўтказган.
Текширув жараёнида 49 дона турли диний мазмундаги китоблар, 24 дона диний дарсликлар ёзилган дафтарлар ва 1 дона ноутбук ашёвий далил сифатида мусодара қилинди. Дастлабки маълумотларга кўра, болаларга мажбурий равишда сабоқ берилган, айрим ҳолларда уларга тан жароҳатлари етказилган. Шунингдек, болалардан 6 нафари 2 ойдан 8 ойгача умумтаълим мактабидаги дарсларга қатнашмаган, уйда мажбуран сақланган ва кўчага чиқишга рухсат берилмаган.
Ҳозирда олинган диний адабиётлар ва компьютер техникаси бўйича экспертизалар тайинланган ва талаба йигитга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229²-моддаси 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, болаларнинг ота-оналарига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддаси асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.