Умрага борган ўзбекистонликлар қайтолмаяпти: 170 киши қийин аҳволда
Саудия Арабистонига Умра зиёратини адо этиш учун борган 170 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ҳозиргача ватанга қайтиш имкониятига эга бўлмаяпти. Бу ҳақда “Дунё” ахборот манбаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Макка шаҳрида фаолият юритаётган Бош консулхона дипломатлари муаммога дуч келган фуқаролар ҳолатини ўрганиш мақсадида улар жойлашган меҳмонхоналарга бориб, бевосита суҳбат ўтказган. Аниқланишича, айни пайтда 170 нафардан зиёд зиёратчи меҳмонхоналарда қолиб кетган ва Ўзбекистонга қайтишни кутиб турибди.
Зиёратчиларнинг таъкидлашича, улар 14 кунлик Умра сафари доирасида турли гуруҳлар таркибида Саудия Арабистонига келган. Аммо сафарни ташкил этган айрим шахсларнинг нотўғри маълумотлари, масъулиятсизлиги ва хатолари оқибатида фуқаролар оғир вазиятда қолиб кетган.
Суҳбатлар давомида маълум бўлишича, зиёратчилар орасида ёши улуғ инсонлар кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг айримлари юрак хуружи (инфаркт)ни бошдан кечирган, қандли диабет, юқори қон босими каби сурункали касалликлар билан оғриган бўлиб, доимий равишда дори-дармон қабул қилиши талаб этилади. Бу эса уларнинг ҳолатини янада мураккаблаштирмоқда.
Зиёратчилар Ўзбекистон ҳукуматидан Ватанга қайтиш масаласида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ўз навбатида, дипломатлар уларга сафар рухсатномасиз ва норасмий тарзда ташкил этилгани сабабли, қайтиш бўйича мурожаатлар белгиланган тартибда тегишли идораларга юборилишини маълум қилган. Бироқ бу жараён муайян вақт талаб қилиши мумкинлиги ҳам қайд этилган.
Шу муносабат билан вазият янада оғирлашмаслиги учун имкониятдан келиб чиқиб, фуқароларга ўз ҳисобидан авиачипта харид қилиб, мустақил равишда Ватанга қайтиш тавсия этилган.
Шунингдек, уларни шундай қийин аҳволга солган шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистонга қайтгач, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилган.
Айни вақтда мазкур ҳолат Бош консулхона томонидан доимий назоратга олинган бўлиб, вазиятни барқарорлаштириш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.