Электросамокатларга ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилмайди — ЙҲХХ
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга изоҳ берди: электросамокат ва шу каби индивидуал транспорт воситалари учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинмайди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 мартдаги қарорига кўра, А1 тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси мопед, скутер ва кичик мототранспорт воситалари учун мажбурий ҳисобланади. Аммо мазкур қарорда шахсий ҳаракатланиш воситалари бундан мустасно экани алоҳида қайд этилган.
Йўл қоидаларига мувофиқ, двигатель ёрдамида ҳаракатланадиган, бир ёки бир нечта ғилдиракка эга ва шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган транспорт воситалари индивидуал категорияга киради. Бунда электросамокат, электр скейтборд, сегвей ва моноғилдирак каби воситалар назарда тутилган.
Шу боис, бундай транспортни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб қилинмайди, лекин ҳаракат қоидаларига риоя қилиш шарт. Хусусан, электросамокат ва бошқа шахсий транспорт воситалари йўлда велойўлаклардан, улар мавжуд бўлмаган тақдирда эса йўлнинг четидан ҳаракатланиши керак.