Италияда қидирувдаги энг хавфли мафия етакчиси қўлга олинди
Италиянинг энг хавфли қидирувдагиларидан бири бўлган Роберто Маззарелла полиция томонидан ушланди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Маззарелла бир йилдан ортиқ вақт давомида қочиб юрган ва "Каморра" уюшган жиноий гуруҳига қарашли машҳур Маззарелла кланига раҳбарлик қилган. 3 апрель куни кечқурун Амалфи қирғоғида 1000 евролик люкс виллада рафиқаси ва икки фарзанди билан бўлган пайтда қўлга олинган. Полиция унинг ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаганини маълум қилди.
48 ёшли Роберто Италия Ички ишлар вазирлигининг энг хавфли қидирувдагилар рўйхатида тўртинчи ўринда турибди. У 2025 йил 28 январдан бери қидирувда эди. Маззарелла 2000 йилда Антонио Маёне қотиллигида айбланган, Антонио Маёне укаси Иван эса 1995 йилда Маззарелланинг отаси Салваторени ўлдирганини тан олган.
Қўлга олиш операциясида Карабинери тергов бўлинмаси, Италия ҳарбий-ҳаво кучлари ва Салерно қирғоқ қўриқлаш хизмати иштирок этиб, атрофдаги сув ҳудудлари назорат қилинди. Рейдда 20 минг евро нақд пул, учта қимматбаҳо соат, мобил телефонлар ва сохта шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар топилди.
Маззарелла оиласи Неаполда контрабанда ва гиёҳванд моддалар савдосининг катта қисмини назорат қилади. Шунингдек, улар Милан ва Италия шимолида қалбакилаштириш ва даромадларни легаллаштириш билан шуғулланади.
Қўлга олиниши сиёсатчилар томонидан олқишланди. Европа парламенти вице-президенти Пина Пичерно бу воқеани “давлатнинг катта ғалабаси ва мафияга қарши аниқ сигнал” деб баёнот қилди.