Дунёда илк бор мина аниқловчи каламуш шарафига ҳайкал очилди
Камбоджада биринчиликка эришган ва қаҳрамонлик учун олтин медал билан тақдирланган машҳур мина аниқловчи каламуш Магава шарафига ҳайкал очилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
“Магава” лақабли бу каламуш саккиз йил умр кўрди. 2016 йилдан бошлаб беш йил давомида Камбоджада 100 дан ортиқ миналар ва портловчи қурилмаларни топишда иштирок этди. Унинг шарафига маҳаллий тошдан ясалган ҳайкал қурилди ва 4 апрель — Халқаро миналарга қарши кураш куни арафасида расман очилди.
БМТ маълумотларига кўра, Камбоджада миналар ҳануз жиддий хавф яратади. Бир миллиондан ортиқ одам портламаган миналар мавжуд ҳудудларда яшаш ва ишлашда давом этмоқда.
Магава Бельгиянинг Апопо хайрия ташкилоти томонидан тайёрланиб, 2016 йилда Камбоджага олиб келинди ва мина қидириш ишларига жалб қилинди. У ўткир ҳид ҳис қилиш қобилияти орқали кимёвий моддаларни аниқлаб, топилган миналар ҳақида мутахассисларга сигнал берди. Кейин улар хавфсиз тарзда йўқ қилинди.
Фаолияти давомида Магава 141 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни тозалаган — бу тахминан 20 та футбол майдонига тенг. У теннис корти ҳажмидан катта майдонни атти-20 дақиқада текшира олган. 2020 йилда у “инсон ҳаётини сақлашдаги садоқати” учун ҳайвонларга берилган ПДСА олтин медали билан тақдирланди ва шу билан бирга ушбу мукофотни олган биринчи каламуш бўлди.
Қарилик ва ҳаракатининг секинлашуви сабаб, қисқа муддат “нафақага чиққан” Магава 2022 йилда вафот этди. Апопо ташкилотининг Камбоджадаги дастур менежери Майкл Рейннинг айтишича, Магава ҳайкали “халқаро ҳамжамиятга бу ерда ҳали бажарилиши керак бўлган ишлар борлигини эслатиб туради”.
Камбоджа ҳукумати 2030 йилгача миналардан холи мамлакатга айланишни мақсад қилган. Апопо эса 1990-йиллардан “ҲероРАЦ” номли махсус каламушларни тайёрлаб келмоқда. Уларнинг кичик вазни миналарни портлатмайди ва шу билан инсонлар учун хавфсизликни таъминлайди.
“Булар ҳатто лабораториядаги анъанавий усулларга қараганда сил касаллигини тезроқ аниқлай олади”, деди Апопо. Шунингдек, бундай каламушлар Танзанияда ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдосига қарши ҳам қўлланади.
Апопо томонидан тайёрланган яна бир каламуш — Ронин, 2021 йилдан бери 109 та мина ва 15 та портламаган ўқ-дорини топиб, 2025 йилда янги жаҳон рекордини ўрнатди. Унинг Преаҳ Виҳеар провинциясидаги натижалари Магаванинг рекордидан ҳам ошди.