Эрон янги ҳаво ҳимояси билан A-10ни нишонга олдими?
Яқин Шарқдаги ҳарбий кескинлик фонида Эрон томонидан қўлланилган янги ҳаво мудофаа воситаси ҳақидаги хабарлар муҳокамалар марказига айланди. Айрим манбаларга кўра, кеча АҚШнинг A-10 Thunderbolt II ҳужум самолётини нишонга олишда AD-08 “Majid” тизимидан фойдаланилган.
Маълум қилинишича, AD-08 “Majid” — бу қисқа масофада ишлайдиган, паст баландликдаги нишонларга қарши мўлжалланган замонавий ҳаво мудофаа мажмуасидир. У асосан дронлар, круиз ракеталари, вертолётлар ва бошқа паст учувчи объектларга қарши самарали ҳимояни таъминлаш учун ишлаб чиқилган.
Мазкур тизим мобил характерга эга бўлиб, одатда 4х4 тактик юк машиналари — хусусан Aras-2 ёки Iveco Daily платформаларига ўрнатилади. Бу эса унинг тез ҳаракатланиш ва турли шароитларда қўлланилиш имкониятини оширади.
Шунингдек, мажмуа замонавий электро-оптик аниқлаш ускуналари ҳамда инфрақизил бошқариладиган ракеталар билан жиҳозланган. Ҳар бир учириш қурилмаси икки блокдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирига тўрттадан ракета жойлаштирилган.
Мутахассислар фикрича, бундай тизимларнинг фаол қўлланилиши ҳудуддаги ҳаво ҳужумларига қарши кураш самарадорлигини ошириши мумкин. Бироқ мазкур ҳолат бўйича расмий тасдиқлар ҳалигача тақдим этилмаган.