Эрон сулҳ таклифини рад этди, кескинлик кучаймоқда
Яқин Шарқдаги вазият тобора мураккаблашиб борар экан, Эрон расмийлари АҚШ томонидан илгари сурилган 48 соатлик ўт очишни тўхтатиш таклифини қабул қилмади. Бу ҳақда Fars агентлиги хабар берди.
Манбаларга кўра, Теҳрон ўз позициясини расмий баёнот билан эмас, балки ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш орқали намоён қилган. Бу эса музокараларга нисбатан эҳтиёткор ва қатъий ёндашув сақланаётганини кўрсатади.
Қайд этилишича, Вашингтон айниқса Бубиян оролидаги америкаликлар ҳарбий омборига берилган зарбадан сўнг вазиятни дипломатик йўл билан юмшатишга уриниб, ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришмоқчи бўлган.
Шу билан бирга, The Wall Street Journal маълумотига кўра, Покистон етакчилигидаги минтақавий давлатларнинг урушни тўхтатиш бўйича ташаббуслари ҳозирча самара бермаяпти. Эрон яқин кунларда Исломободда АҚШ расмийлари билан учрашишни истамаяпти ва Вашингтон илгари сураётган талабларни номақбул деб ҳисобламоқда.
Бироқ дипломатик саъй-ҳаракатлар тўлиқ тўхтаб қолмаган. Туркия ва Миср янги музокара майдонлари сифатида Доҳа ёки Истанбул вариантларини кўриб чиқмоқда.
АҚШ разведка маълумотларига кўра, ҳозирча Эрон музокараларга тайёр эмас ва ўзини нисбатан устун позицияда деб билмоқда. Шу сабабли у ташқи босимларга ён беришни истамаяпти.
Бундан ташқари, Теҳрон музокараларни эҳтимолий “тузоқ” сифатида ҳам баҳоламоқда. Уларнинг фикрича, бундай учрашувлар сиёсий арбобларга қарши хавфли ҳаракатларга сабаб бўлиши мумкин.