Трампнинг таҳдидларига Эрон қўриқчилари корпуси қўмондонидан жавоб...
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эронни "тош даврига қайтараман" деган таҳдидига жавоб Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) коинот-ҳаво кучлари қўмондони Мажид Мусавий томонидан берилди. У америкалик раҳбарнинг нутқини кескин танқид қилиб, “Сиз Эронни тош даврига улоқтирмоқчисиз, аммо аслида ўз аскарларингизни гўрга етаклаяпсиз. Ҳолливуд фильмлари онгингизни шунча заҳарлаганки, 250 йиллик қимматсиз тарихингиз билан 6000 йиллик бой цивилизацияга таҳдид қилаяпсиз”, — деб ёзди.
Шунингдек, Эрон президенти маъмуриятининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ўринбосари Меҳди Табатабаий ҳам бу таҳдидни инкор қилиб, “Эрон ва тош даврини минг йиллар ажратиб турибди. Агар гап тош даврига қайтиш ҳақида кетаётган бўлса, улар бу масалада марра чизиғига анча яқин”, — деди.
Эслатиб ўтсак, Трамп америкаликларга мурожаатида Эронни электрсиз қолдириш орқали мамлакатни “тош даврига” улоқтиришини ва бу иш амалга ошмаса барча электр станцияларига катта зарба берилишини таъкидлаган эди.
Мазкур воқеа икки давлат ўртасидаги сиёсий ва стратегик зиддиятларни янада очиқ кўрсатмоқда ва Халқаро ҳамжамият учун жиддий сигнал ҳисобланади.