Уй-музейи ташкил этиш анъанасининг тарихи бир неча ўн йилликларга бориб тақалади. Ҳозирги кунда биргина Тошкент шаҳрининг ўзида ўнлаб атоқли адиб ва зиёлиларимиз яшаган хонадонлар уй-музейига айланган. Аммо кейинги йилларда бу анъана бироз тўхтаб қолгандек эди, гўё. Зеро, халқимиз уй-музейи сифатида ташкил этилишини интиқ кутаётган кўплаб зиёлиларимиз яшаган ҳовлилар оз эмас. Бу табаррук манзилларда фидойи алломаларимизнинг шахсий буюмлари, қўлёзмалари, бир сўз билан айтганда, нафаси сақланиб қолган, десак, муболаға бўлмайди.