Трамп: АҚШ Ҳормузни икки дақиқада ёпишга қодир
АҚШ президенти Доналд Трамп журналистлар билан самолёт бортида бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ҳормуз бўғози ҳақида кескин баёнот берди.
Унинг таъкидлашича, АҚШ ушбу стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳормуз бўғозини жуда қисқа вақт — атиги икки дақиқа ичида ёпиш имкониятига эга.
“Биз уни икки дақиқада ёпишимиз мумкин. Шунчалик тез ёпамизки, ҳатто бошингиз айланиб кетади”, — дея таъкидлади Трамп.
Маълум қилинишича, у бу фикрни Эрон томони бўғоз орқали ўтувчи кемалар учун тўлов жорий этишни режалаштираётгани ҳақидаги хабарлар фонида билдирган.
Шунингдек, АҚШ раҳбари Эрон билан келишувга эришиш эҳтимоли сақланиб қолаётганини ҳам қайд этди. Унинг сўзларига кўра, бундай келишув яқин вақт ичида амалга ошиши мумкин.
Кузатувчилар фикрича, мазкур баёнот минтақадаги геосиёсий вазиятга таъсир кўрсатиши ва халқаро муносабатларда янги баҳсларга сабаб бўлиши мумкин.