Нетаняху: араб давлатлари Исроил билан бирга жангга тайёр
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият ва араб давлатлари билан муносабатлар борасида муҳим баёнот берди.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда айрим араб давлатлари Исроил билан бир сафда туриб, умумий таҳдидларга қарши курашиш масаласини муҳокама қилмоқда.
“Биз араб давлатлари билан биргаликда ҳаракат қилиш, ҳатто бирга жанг қилиш масаласи муҳокама қилинаётган иттифоқлар устида ишлаяпмиз. Илгари мен араб етакчилари билан махфий мулоқотлар ўтказганман. Уларга Эрон хавфи ҳақида огоҳлантирганман”, — деди Нетаняху.
Унинг сўзларига кўра, аввал араб давлатлари бу таҳдидни тўлиқ англамаган, аммо ҳозирда вазиятга бўлган қарашлар ўзгариб бормоқда.
Кузатувчилар фикрича, бундай баёнотлар Яқин Шарқда янги иттифоқлар шаклланиши эҳтимолини кучайтириб, минтақадаги сиёсий мувозанатга таъсир кўрсатиши мумкин.