Instagram Plus синовда: янги пуллик функциялар пайдо бўлмоқда
Meta компанияси бир қатор давлатларда Instagram учун янги пуллик обуна — Instagram Plus хизматини синовдан ўтказмоқда. Бу ҳақда TechCrunch манбалари хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу премиум обуна фойдаланувчиларга қўшимча ва эксклюзив имкониятлар тақдим этади. Жумладан, Stories’ларни муаллифга билдирмасдан кўриш имконияти жорий этилиши мумкин. Бу эса обуначиларга аноним тарзда контентни кузатиш имконини беради.
Бундан ташқари, фойдаланувчилар ўз “ҳикоя”ларини ким неча марта кўрганини ҳам кузатиб бориш имконига эга бўлиши кутилмоқда. Яна бир янгилик сифатида Stories учун “Яқин дўстлар”дан ташқари чекланмаган рўйхат тузиш имконияти ҳам таклиф этилиши мумкин.
Шунингдек, Stories’ларни одатий 24 соат эмас, балки 48 соат давомида сақлаш имконияти ҳам кўзда тутилмоқда. Ҳафтада бир марта эса контентнинг қамровини оширишга хизмат қилувчи “Highlighting” функцияси ҳам жорий этилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, Instagram Plus ҳозирча Мексика, Япония ва Филиппинда синовдан ўтказилмоқда. Нархи эса ҳудудга қараб ўзгариб, тахминан 1–2 доллар атрофида экани айтилмоқда.
Ҳозирча ушбу хизмат қачон глобал тарзда ишга туширилиши ва барча давлатларда жорий этилиши аниқ эмас.