Ўзбекистонлик таэквондочилар Анталяда учта медал билан қувонтирди
Туркиянинг Анталя шаҳрида таэквондо WT йўналиши бўйича нуфузли “Turkish Open” халқаро мусобақаси қизғин тарзда давом этмоқда. Дунёнинг турли мамлакатларидан келган спортчилар иштирок этаётган ушбу турнирда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ҳам муносиб иштирок этиб, мухлисларни қувонтирмоқда.
Ортда қолган кун аёллар ўртасида кечган беллашувлар айниқса самарали бўлди. Терма жамоамиз вакилалари юқори маҳорати ва иродасини намоён этиб, жами учта медалга сазовор бўлишди.
Олтин медални -67 кг вазн тоифасида иштирок этган Озода Собиржонова қўлга киритди. У ҳал қилувчи жангларда рақибаларини ишончли мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Кумуш медал эса -62 кг вазн тоифасида Севинч Ҳайитова ҳисобига ёзилди. У финалгача бўлган барча беллашувларда муваффақиятли иштирок этиб, ҳал қилувчи баҳсда муносиб қаршилик кўрсатди.
Шунингдек, +73 кг вазн тоифасида Светлана Осипова бронза медалга эга чиқди. Унинг жанглардаги қатъияти ва тажрибаси яна бир бор ўз самарасини берди.
Мазкур натижалар Ўзбекистон таэквондо мактабининг халқаро майдондаги нуфузини янада ошираётганини кўрсатмоқда. Мухлислар эса спортчиларимизнинг кейинги чиқишларини катта умид ва қизиқиш билан кузатмоқда.