Жанубий Америкада шов-шув: «Венесуэла бейсбол билан шуғуллансин!»
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Венесуэла устидан қозонилган ғалабаси лотин америкалик экспертлар ва ижтимоий тармоқ фаолларининг кескин танқидига сабаб бўлди.
Тошкентда кечган шиддатли баҳсда вакилларимиз пенальтилар сериясида (5:4) зафар қучишга муваффақ бўлишди. Ушбу мағлубиятдан сўнг Жанубий Америка оммавий ахборот воситалари ва спорт блоглари ўз терма жамоаларини «ер билан битта» қилишмоқда.
«Мисс Олам» ва бейсбол — уларнинг даражаси шу!
Айниқса, ижтимоий тармоқлардаги «San Marino Fútbol» саҳифаси вазиятга ҳазил ва пичинг аралаш ёндашиб, Венесуэла терма жамоасининг мағлубиятини «расвогарчилик» деб атади.
«Жанубий Америка гиганти йиқилди! Венесуэла сўнгги ўртоқлик учрашувида қудратли Ўзбекистонга пенальтилар сериясида имкониятни бой берди. Аввалги ўйинда голлар шоусини намойиш этган жамоа, бугун яна шармандали ўйин кўрсатди. Уларга футболни йиғиштириб, бейсбол ёки «Мисс Олам» гўзаллик танловлари билан шуғулланишни маслаҳат берамиз. Улар фақат шу соҳаларда нимагадир қодир», — деб ёзади нашр.
Колумбия нашрлари ҳам ҳайратда
Нафақат Венесуэла, балки қўшни Колумбия нашрлари ҳам Ўзбекистон терма жамоасининг кўрсатган мазмунли ўйинига юқори баҳо бермоқда. Экспертларнинг фикрича, Фабио Каннаваро шогирдлари тактик жиҳатдан анча пишиқ ва тезкор ўйин намойиш этишмоқда. Бу эса лотин америкаликлар учун кутилмаган «совға» бўлди.
Тим Спирснинг таассуротлари
Эслатиб ўтамиз, америкалик машҳур журналист Тим Спирс ҳам Тошкентдаги муҳитдан ҳайратда қолган эди. У Габонга қарши ўйиндан сўнг ўзбек мухлисларининг нақадар шовқинли ва фидойи эканини алоҳида эътироф этганди. Венесуэла устидан қозонилган бу ғалаба эса миллий терма жамоамизнинг Жаҳон чемпионати сари ташлаган навбатдаги муҳим қадами сифатида баҳоланмоқда.
«Ажойиб, катта раҳмат!
Мен кеча оқшом Габонга қарши кечган ўйинда бўлдим, бу ақл бовар қилмайдиган таассурот бўлди. Мен фан-клуб билан учрашдим, жуда шовқинли мухлислар экан!
Яна бир бор раҳмат, мен Zamin’нинг ашаддий мухлисиман ва сизнинг фикрларингиз мақолам учун жуда фойдали бўлади.
Салом билан, Тим»
Азиз мухлислар, сизнингча, Венесуэладек кучли рақибни мағлуб этишимиз тасодифми ёки ўзбек футболи янги босқичга чиқдими? Терма жамоамизнинг ўйини ҳақида фикрингиз қандай?