Ўзбекистоннинг маънавий мероси “New York Festivals” финалига чиқди
Ўзбекистондаги Ислом цивилицияси маркази томонидан амалга оширилган ва Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлик ташаббуси асосида яратилган “Маърифат акс-садоси” ҳужжатли фильмлар серияси халқаро кино саноатидаги нуфузли мусобақа – New York Festivals TV & Film Awards 2026 финал босқичига йўл олди.
Лойиҳада дунё миқёсида тан олинган, “Оскар” мукофоти соҳиби, актёр Бен Кингсли ҳам иштирок этди. Бу эса фильмнинг сифат ва илмий-ахборот қийматини янада оширди.
Финал босқичда ҳужжатли фильм бронза, кумуш ёки олтин тоифалари бўйича мукофотлардан бирини қўлга киритиш учун даъвогар бўлади. Танлов ғолиблари 2026 йил 21 май куни бўлиб ўтадиган Storytellers Gala тақдирлаш маросимида эълон қилинади.
Фильм ислом оламининг бой интеллектуал ва маънавий меросини Марказий Осиёдан чиққан буюк олимлар – Хоразмий, Фарғоний, Ибн Сино ва бошқа алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси орқали кенг ёритиб беради. Шунингдек, фильмда Темурийлар ва Бобурийлар даври, ҳамда минтақанинг бошқа тарихий цивилизациялари мероси ҳам чуқур таҳлил қилинган бўлиб, уларнинг илм-фан, тиббиёт ва фалсафа ривожига кўрсатган таъсири илмий-оммабоп усулда тақдим этилган.
Мавжуд лойиҳа материаллари аввалдан халқаро аудиторияга тақдим этилган бўлиб, CNN, BBC ва Euronews каби етакчи телеканалларда эфирга узатилиши лойиҳанинг глобал нуфузини янада оширди.
New York Festivals TV & Film Awards халқаро мукофоти телевидение ва кино соҳасида юқори нуфузга эга бўлиб, қатъий саралаш тизими, иштирокчиларнинг кенг географияси ва рақобатнинг юқори даражаси билан ажралиб туради. Илгари ушбу мукофот доирасида BBC, National Geographic ва Netflix каби етакчи медиа компаниялар томонидан яратилган лойиҳалар энг юқори баҳоланган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилицияси маркази халқаро илмий-маданий майдонда фаол позицияни эгаллаб, академик тадқиқотлар, замонавий технологиялар ва глобал медиа коммуникациялар уйғунлигига асосланган лойиҳаларни изчил амалга ошириб келмоқда.
Ушбу фильм нафақат илмий аҳамиятга эга, балки миллий меросимиз ва халқаро кино саноатида Ўзбекистоннинг нуфузини оширади.